Талабчан истеъмолчи давридаги медиабозор

Бугунги кунда Ўзбекистон — бу жадал ривожланиб бораётган бозор бўлиб, у иқтисодиётнинг ўсиши, аҳоли сонининг тобора ортиб бориши ва фойдаланувчи тажрибасининг чуқур рақамлаштирилиши туфайли ўзгармоқда. Аудиториянинг билимдонлиги кундан кунга ўсмоқда, маҳсулотлар танлови тобора кенгайиб, контент мураккаблашмоқда. Бундай шароитда реклама агентликлари томонидан брендларга тақдим этилаётган экспертиза ва хизмат кўрсатиш даражаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Дилшод Музаффаров, Ledokol Group раҳбари:

“18 ёш — бу етуклик ёши. Биз бозор билан бирга ўсиб, унинг шаклланишида иштирок этганимиз дея фахр билан айта оламиз. Бугун биз Ўзбекистон реклама саноати нақадар юқори рақобатбардош ва технологик бўлиб бораётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди маркетологлар янги форматларни синаб кўришдан қўрқмайапти, улар дадиллашмоқда, бироқ айни вақтда ўлчаса бўладиган самарадорликни биринчи ўринга қўйишяпти. Ахборот шовқини шароитида интеграллашган ёндашув муҳимлигини англаган брендларгина ютaди, бунда ҳар бир воситага — телевидениедан тортиб маҳаллий промоакцияларгача — ўзининг аниқ ўрни ажратилган бўлади”.

Телевидение: шунчаки қамровдан кўпроқ

Дунё бўйлаб телевизор кўриш кўрсаткичлари аста-секин пасайиб бораётганига қарамай, Ўзбекистонда телевидение бутун республика миқёсида қамровни тезкорлик билан кенгайтириш ҳамда брендга нисбатан ишончни шакллантириш бўйича асосий медиа воситаси мақомини ишонч билан сақлаб келмоқда. “Kantar Uzbekistan” маълумотларига кўра, телевидениенинг ойлик қамрови мамлакат аҳолисининг 87% ни ташкил этади, телевизорни эса ҳар куни 15 миллиондан ортиқ киши томоша қилади.

Дилдора Якубова, Ledokol Group TV-йўналиши раҳбари:

“Сўнгги йиллардаги асосий афсона — телевизорни фақат катталар аудиторияси кўради, деган фикр. Телеканаллар контент устида фаол ишламоқда: ёшларга мўлжалланган янги франшизалар, юқори рейтингли сериаллар эфирга узатиляпти. Телевизорда анъанавий равишда кучли бўлган тоифалар (FMCG ва фармацевтика) ўрнини финтех, маркетплейслар, етказиб бериш хизматлари каби рақамли маҳсулотлар эгаллаётганига гувоҳ бўляпмиз. Телевизор улар учун нафақат бренд танилишини ошириш, балки транзакциялар сонини кўпайтириш воситаси ҳамдир, зеро, бундай маҳсулотларнинг аксарияти аллақачон масс-маркетга айланиб улгурган”.