Ўзбекистон | 14:11 / 01.04.2020
9823
3 дақиқада ўқилади

Дорихоналарнинг автомобиллари махсус рухсатнома олиши шарт эмас – ДХА

Мулкчилик шакли, яъни давлат тасарруфидаги ёки хусусий эканидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар, жумладан, дорихоналарга тегишли хизмат машиналари, шунингдек, бу ерда ишловчиларнинг шахсий автомобилларига махсус рухсатномалар талаб этилмайди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълум қилди.

«Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар, жумладан, дорихоналарга тегишли хизмат машиналари, шунингдек, бу ерда ишловчиларнинг шахсий автомобилларига махсус рухсатномалар талаб этилмайди. Бу Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартибининг 1-иловаси 1-бандида кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги ташкилотларда ишловчи ходимлар махсус рухсатнома ўрнига меҳнат дафтарчаси нусхаси ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат асосида ҳаракатланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассис Республика вақтинчалик тартибга мувофиқ Давлат хизматлари марказлари томонидан қандай автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома берилиши ҳақида маълумот бериб, карантин талабларининг бузилиши ва кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига йўл қўймаслик учун вақтинчалик тартибда кўзда тутилмаган бошқа ҳолатларда давлат хизматлари марказларига мурожаат қилмасликни сўради.

«Ушбу талабларнинг барчаси сиз ва яқинларингизнинг соғлиги учун, юртимизда ушбу қийин вазиятдан имкон қадар тезроқ чиқиш учун қилинаётганини тушунишингизни сўраб қоламиз.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид янгиликларни «Давлат хизматлари агентлиги»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кузатиб боришингиз мумкин!», дейди у.

Севара Зокированинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат нотўғри талқин қилиниш ҳолатлари кузатилмоқда, яъни барча дорихоналар махсус рухсатномасиз юришлари мумкин деган нотўғри талқин қилинмоқда.

“Ваҳоланки, Республика махсус комиссиясининг баёни билан тасдиқланган вақтинчалик тартибга мувофиқ Давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш учун белгиланган тоифалар жумласига  озиқ-овқат маҳсулотлари (жумладан тамаки ва алкоголь) ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи тадбиркорлар ва у ерда ишлайдиган ходимларнинг автотранспорт воситаларига. Бунда дорихоналар учун фақат ҳар бир дорихонага бир дона автотранспортга рухсат берилиши кўзда назарда тутилган.

Шу сабабли ҳурматли фуқароларимиздан, асоссиз хабарларни тарқатмасликларини ва соҳага оид саволлар бўлган тақдирда Давлат хизматлари агентлигининг 1148 телефони орқали мурожаат қилишларини сўраб қоламиз”, дейди ДХА ахборот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид