Жамият | 16:07 / 01.04.2020
4216
3 дақиқада ўқилади

Карантин бошлангандан буён ичимлик суви истеъмоли учун тўловлар 2,6 баробарга тушиб кетган – вазирлик

Ўзбекистонда карантин чоралари эълон қилинганидан буён ичимлик суви истеъмоли учун тўловлар 2,6 баробарга тушиб кетган. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот котиби Алипаша Аҳмедов 1 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Маълум қилинишича, карантин бошлангунча истеъмолчилардан бир кунда ўртача 4,5 млрд сўм келиб тушган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич 1,7 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

«Карантин шароитида ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш жуда муҳим аҳамиятга эгалигини биз яхши биламиз ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этиб, карантин қоидаларига амал қилиб фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз.

Ичимлик сувни хонадонларга етказиб бериш, сувнинг сифатини ва хавфсизлигини таъминлаш бир мунча харажатларни талаб этади. Ушбу харажатлар истеъмолчилар томонидан ичимлик сув учун амалга оширилган тўловлар ҳисобидан қопланади. Шу сабабдан истеъмол қилинган ичимлик сув учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши жуда муҳимдир. Тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши хонадонларга ичимлик суви узлуксиз етказиб берилишини таъминлайди.

Бугунги кунда ичимлик суви истеъмоли учун тўловлар 2,6 баробарга тушиб кетган. Тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик қарздорликнинг кескин ошиши ва таминловчи корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати заифлашишига олиб келди, бу эса аҳолига узлуксиз ичимлик сувини етказиб берилишига салбий таъсир кўрсатмоқда», дея Алипаша Аҳмедовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик расмийсининг маълум қилишича, карантин шароитида, аҳолига уйдан чиқмасдан тўловларни амалга ошириш имконият яратилган бўлиб, бунинг учун учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий сайти ҳамда Telegram’даги махсус бот орқали уйдан чиқмасдан тўловларни амалга ошириш мумкин. Бу ердан истеъмолчилар хизмат кўрсатувчи таъминот корхоналари ва қарздорликлари тўғрисида маълумотларни олиш, Click, Upay, Payme, Paynet мобил электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни тўлаш имконияти яратилган.

Мавзуга оид