Ўзбекистон | 13:45 / 01.04.2020
6655
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда деҳқон бозорларидан узоқда жойлашган маҳаллалар учун кўчма ярмаркалар ташкил этилмоқда

Карантин даврида Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари томонидан деҳқон бозорларидан узоқда жойлашган маҳаллалар учун кўчма ярмаркалар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Тадбир Миробод туманида 28 март кунидан бошланган бўлиб, ҳар куни 3тадан маҳаллага 350-400 кг картошка, 100 кг атрофида гуруч, 5-6  қути писта ёғи, 360-400 дона тухум ҳамда 150-200 кг пиёз маҳсулотлари олиб бориб, сотилмоқда.

«Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган машиналар Миробод туманининг «Моварауннаҳр», «Юксалиш» ва «Сарикўл» маҳаллаларига етиб борди ва савдо жараёни кетмоқда.

Миробод туманида жами 39 та маҳалла бўлиб, шундан 32 таси деҳқон бозорларидан узоқда жойлашган. Тадбир давомида мазкур 32 та маҳаллага рўзғор учун зарур маҳсулотлар етказиб берилади.

Бу аҳолига уйидан узоққа бормай, ўзи ва яқинларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда зарур харидни амалга оширишини таъминлайди», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини уйда қолишга чақирган.

«Ҳурматли тошкентликлар ва пойтахтимиз меҳмонлари, барчангиз биз учун қадрлисиз.

Шундай экан, уйда қолинг ва ўзингиз ҳамда яқинларингизни эҳтиёт қилинг», – дея таъкидланган ҳокимлик билдиришида.

Мавзуга оид