Жаҳон | 02:22 / 02.04.2020
9521
2 дақиқада ўқилади

Дания ҳукумати уч ой фуқароларининг 90 фоиз маошини тўлаб беради

Данияда сиёсий партиялар иш берувчилар билан келишган ҳолда ишсизликнинг олдини олиш йўлини топишди. Келишувга кўра, ҳукумат корхоналардан ҳеч кимни ишдан бўшатмасликни сўрайди ва уч ой давомида фуқароларнинг 75-90 фоизгача маошларини тўлаб беради.

Фото: Reuters

Шу тариқа иш берувчи ҳам, инқироз вақтида ишини йўқотиши мумкин бўлган меҳнатга лаёқатли қатлам ҳам зарар кўрмайди. Бу ҳақда The New York Times ёзмоқда.

Шунингдек, Дания ҳукумати давлат биноларини ижара асосида ишлатаётган корхоналардан ижара пули олмайди. Бу чоралар учун Дания ҳукумати 6,3 миллиард доллар пул сарфлайди. Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам бундай чоралар кўрилган. Масалан, Нидерландияда ҳукумат даромади камида 20 фоиз камайган корхоналар ишчиларининг 90 фоиз маошини тўлаб беради. Британия эса фуқароларининг 80 фоиз маошини тўлаб беришни бўйнига олган.

«Тадбиркорлик қатламига ёрдам берсангиз, одамларнинг нормал ҳаёт тарзига қайтиши осон бўлади ва бу банкротликнинг олдини олади», дейди Дания иқтисодий кенгаши вакили бўлган Копенгаген университети иқтисодчиси Карл-Йохан Далгаард.

Маълумот учун, халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига кўра, солиқлар 2018 йилда Данияда ишлаб чиқариш ҳажмининг 49 фоизини ташкил қилган. Бу кўрсаткич Нидерландияда 39, Британияда 34, АҚШда эса 24 фоизни ташкил қилган.

Скандинавияда солиқларнинг юқори экани айтилади, аммо улар бунинг эвазига кўплаб қулайликларга эга бўлишади. Узоқ муддатли меҳнат таътиллари, бепул медицина ва таълим шулар жумласидан. Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Данияда ишини йўқотган одамлар кейинги олти ойда олдинги маошининг 90 фоизи миқдоридаги пул билан яшай олади. Таққослаш учун АҚШда бу кўрсаткич 30 фоизга тенг. Яъни, америкаликлар бошланғич даромадининг 30 фоизи билан бир ой яшай олади.

Экспертларнинг фикрича, Дания ва Нидерландиядаги ишни АҚШ ҳам қилганида, дунё иқтисодиёти камроқ зарар кўрарди, аммо АҚШ ишчиларнинг маошини тўлаб бериши учун камида 5 триллион доллар сарфлаши керак бўлади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид