Ўзбекистон | 13:32 / 03.04.2020
4752
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Инновацион ривожланиш вазирлигининг коронавирусга қарши курашиш илмий лойиҳаларини молиялаштиради

Инновацион ривожланиш вазирлиги Жаҳон банки вакиллари билан онлайн мулоқот ўтказди. Вазирлик ахборот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, унда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва вазирлик мутасаддилари, Жаҳон банкининг Лойиҳалар раҳбарлари ҳамда хусусий сектор бўйича мутахассис Гаухар Оспанова иштирок этган.

Вазирлик маълумотига кўра, томонлар Ўзбекистонда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишган. 

Мазкур лойиҳа амалий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ёндашувларни жорий этишга қаратилган. 

Онлайн мулоқот давомида лойиҳани амалга ошириш учун аванс маблағларини тақдим этиш учун шартнома имзолаш тўғрисида музокаралар олиб борилган. 

Шунингдек, коронавирус пандемияси муносабати билан аванс маблағларидан Covid-19 коронавирусига қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган лойиҳаларга сарфлаш масаласи муҳокама этилди.

«Онлайн мулоқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича концепцияни 2020 йилнинг май ойигача тайёрлашга келишиб олинди», дейилади хабарда.

Жаҳон банки коронавирусга қарши курашга доир лойиҳаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид