Жамият | 22:25 / 03.04.2020
9279
2 дақиқада ўқилади

Навоийда атроф-муҳитни ифлослантираётган оҳак заводига мажбурий кўрсатма берилди

Навоий вилоятида бир корхона ишчилари ёндош иккинчи ишлаб чиқариш корхонаси атроф-муҳитни ифлослантираётгани ҳақида шикоят ёзишди. Мурожаат экологлар томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Навоий шаҳар Тинчлик қўрғонида жойлашган «Ўзметкомбинат» АЖ «Навоийиккиламчиқораметалл» филиали ишчи-хизматчилари томонидан «TRIUMF-GORNYAK» МЧЖга тегишли оҳак заводининг ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган чанг ва бошқа зарарли моддалардан азият чекаётганлиги ҳақидаги мурожаати Навоий вилоят Экология бошқармаси мутахассислари томонидан жойида ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида оҳак ишлаб чиқариш цехига ўрнатилган чанг-газ тозалаш ускуналари эскирганлиги, таъмирталаб бўлиб қолганлиги аниқланди.

Навоий вилоят Экология бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, бошқарманинг «Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш» бўлими ва Навоий шаҳар Гидрометеорология бошқармаси таҳлилхонаси билан биргаликда «TRIUMF-GORNYAK» МЧЖга тегишли оҳак ишлаб чиқариш жараёнидаги атмосфера ҳавосига зарарли моддалар ташловчи салмоқли манбасидан ҳамда «Навоийиккиламчиқораметалл» филиали ҳудудидан таҳлил намуналари олинган.

«TRIUMF-GORNYAK» МЧЖга тегишли оҳак ишлаб чиқариш технологик тизимига ўргатилган чанг-газ тозалаш ускуналарини оҳак чангини камайтириш мақсадида модернизация қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берилган. 

Мавзуга оид