Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди
Коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик ва минтақада пандемия оқибатларига қарши самарали курашиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик ва яқиндан мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Суҳбат аввалида биродар давлатлар раҳбарлари минтақамизга кириб келган янгиланиш ва яшариш байрами – Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирди.
Президентлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда шерикликни, биринчи навбатда савдо-иқтисодий, инвестициявий, банк-молия, маданият ва таълим соҳаларида кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқдилар.
Эришилган келишувлар, шу жумладан мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида қабул қилинган “йўл харитаси”ни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича қўшма фонд ташкил этишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик ва минтақада пандемия оқибатларига қарши самарали курашиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик ва яқиндан мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Томонлар мамлакатларимизда кўрилаётган биринчи навбатдаги превентив чоралар ва эпидемиологик вазиятни назорат қилиш тадбирларини тўлиқ қўллаб-қувватладилар.
Коронавирусга қарши курашишда фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақавий ҳамкорликка оид ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024