Жаҳон | 22:02 / 03.04.2020
9466
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия соғлиқни сақлаш вазири карантин режимини бузди 

Янги Зеландия соғлиқни сақлаш вазири Дэвид Кларк коронавирус пандемияси ортида мамлакатда киритилган фавқулодда вазият режимини бузди. У мамлакат аҳолисига уйларидан узоқлашмаслик тавсия қилинганига қарамай, уйидан 2,3 км олисда пайқалган.

Фото: nzherald.co.nz

Бу ҳақда New Zealand Herald нашри хабар берди. Вазир ушбу қоидабузарлиги учун ўз узрини келтирган. 

Аввалроқ вазирнинг фургони журналистлар томонидан у яшайдиган уйдан 2,3 км узоқликдаги автотураргоҳда пайқалган. Кейинроқ Кларк жисмоний ҳолатини сақлаш учун уйидан чиққанини тан олган. Унинг таъкидлашича, у боғда велосипедда учмоқчи ва шу билан бирга жорий мураккаб вазиятда соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозимлигини кўрсатмоқчи бўлган. 

“Кеча мен соғлиқни сақлаш вазири билан гаплашдим, у узрини келтирди”, деб айтган Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн.

Бош вазирнинг қўшимча қилишича, одамлар уйларидан сайр қилиш учун чиқишлари, зарурат бўлганда уйларидан унча узоқ бўлмаган масофаларга боришларига рухсат берилади. Бироқ жароҳат олиш мумкин бўлган жойларга бормаслик лозим.

Янги Зеландияда 26 мартдан фавқулодда вазият режими киритилган. Тавсияларга кўра, одамлар уйларидан узоқ бўлмаган жойларда спорт билан шуғулланишларига йўл қўйилади.

Мавзуга оид