Light | 22:03 / 06.04.2020
11218
2 дақиқада ўқилади

Карантинда қолганда жисмоний ҳолатни яхши сақлаб қолиш бўйича тавсиялар берилди 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европадаги офиси раҳбари Жоао Бреда уйда карантинда қолганда жисмоний ҳолат ва унумдорликни яхши кўринишда сақлаб қолиш бўйича тавсиялар берди. 

Фото: Depositphotos

Бреда биринчи навбатда кун давомида машқлар бажариш учун танаффуслар қилишни тавсия қилган. “Бу севимли қўшиқ садолари остида рақс тушиш, болалар билан ўйинлар ўйнаш, уйни тозалаш ёки боғга қараш бўлиши мумкин”, деб айтган мутахассис. 
 
У, шунингдек, телефон орқали суҳбатлашаётганда бир жойда қолмай, хона бўйлаб юришни ва узлуксиз ярим соатдан кўпроқ ўтирмасликни тавсия қилган.

Бреда инсонга ҳафтада 75 дақиқадан кўпроқ юқори интенсив жисмоний юкламалар ёки 150 дақиқа ўрта интенсивликдаги фаоллик зарурлигини эслатиб ўтган. “Бу меъёрларга уйдан чиқмай, махсус спорт қурилмасисиз ва чегараланган ҳудуд шароитларида ҳам амал қилиш мумкин”, деб қўшимча қилган мутахассис.
 
ЖССТ вакили, шунингдек, туз, шакар ва ёғлар истеъмолини камайтиришга, бириктирувчи тўқималар (клетчатка) истеъмолини оширишга чақирган. “Ҳар сафар таом қабул қилганингизда сабзавот, мева, дуккаклилар ва йирик тортилган ғаллали маҳсулотлар, жумладан гречка истеъмол қилиш лозим”, деб тавсия қилган Бреда.
 
Бундан ташқари, кўпроқ сув ичиш лозим ва спиртли ичимлик ичишдан воз кечиш керак. “Спиртли ичимлик ёрдам бермайди. Аксинча, бу ҳар қандай шаклда истеъмол қилинганда психикага таъсир қилувчи, тобелик келтириб чиқарувчи ва соғлиққа зарар етказувчи моддадир”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.  
 
Бреда карантин вақтида руҳий тетикликни сақлаш учун яқинларни қўллаб-қувватлашни тавсия қилган.
 
Мутахассиснинг таъкидлашича, вирусга қарши биргаликда курашиш ўз шаҳри ёки туманида бирдамлик муҳитини яратади.
 
Таъкидлаб ўтиш жоиз, айни вақтда дунё аҳолисининг ярми коронавирус пандемияси сабабли у ёки бу даражада карантинда қолмоқда.

Мавзуга оид