Иқтисодиёт | 17:30 / 06.04.2020
9240
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Саудия нефть қазиб олишни камайтириш бўйича келиша олмаяпти

Жаҳон бозорида нефть нархи тушиши давом этмоқда, бу вақтда Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб олишни камайтириш бўйича келишувга эриша олмаяпти.

Фото: Getty Images

Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича ҳамон келиша олмаяпти. Томонлар бу жараёнда АҚШ ҳам қатнашишини хоҳламоқда.

Bloomberg нашрида эълон қилинган материалда айтилишича, Россия ва Саудия АҚШ ҳам нефть қазиб олиш ҳажми қисқартирилишини исташини амалий иш билан исботлашини кўрмоқчи. Нашрнинг вазиятдан хабардор манбаларига кўра, икки мамлакатнинг нефть бўйича дипломатлари жума куни «Катта йигирматалик» давлатларининг энергетика вазирлари билан гаплашиб, АҚШни жараёнга жалб этишга уриниб кўришади.

Йил бошидан буён «қора олтин» нархи 50 фоизга арзонлаб кетди. Нефтга бўлган талаб кескин тушиб кетгани иқтисодиёти бу хомашёга боғлиқ давлатларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Bloomberg’нинг тахминича, нефтнинг арзонлаб кетиши бутун дунё иқтисодиётига ва марказий банкларга ҳам таъсир қилмай қўймайди.

Нефть ишлаб чиқармайдиган истеъмолчилар ташкилоти ҳисобланган халқаро Энергетика агентлиги ҳам хомашё қазиб олиш ҳажмини камайтиришга чорламоқда. Агентликнинг тахминича, нархлар шу тарзда тушаверса, баъзи экспортёр давлатлар нефть қазиб олишни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин. Бу эса балансни бузади.

Нефть қазиб олишни камайтириш ҳақида гаплар Дональд Трампнинг чиқишларидан сўнг бошланди. У Россия ва Саудия вакиллари бу борада гаплашганини айтди ва шундан кейин нефть нархи кўтарилиб кетди. Аммо Кремль Саудия билан ҳеч қандай суҳбат бўлмаганини маълум қилгач, нархлар яна пастлай бошлади.

Bloomberg’нинг ёзишича, Россия ҳам, Саудия ҳам қазиб олишни камайтириш жараёнида АҚШнинг иштирокини истамоқда. Аммо Трамп ОПЕК бўлмағур ташкилот эканини айтишдан тўхтамай, Россия ва Саудия нефтига бож киритиши мумкинлигини ҳам таъкидламоқда.

Нашрнинг ёзишича, Кремль Россия нефть қазиб олишни камайтиргани эвазига ҳеч бўлмаса компромис сифатида бирорта санкция бекор қилинишидан умидвор.

Аввалроқ Путин Россия нефть компаниялари билан учрашувда бунга ишора қилган ва мамлакат нефть қазиб олиш ҳажмини камайтиришга қарши эмаслигини, лекин бу иш ҳамкорлик асосида амалга оширилишини айтганди. Трамп нефть қазиб олишнинг кунлик ҳажми 10 фоизга камайиши ҳақида гапирганди. Агар бу амалга ошса, энг катта босим айнан Россия ва Саудияга тушади. Аммо икки давлат қазиб олишни қанчадан қисқартириш бўйича ҳамон келиша олмаган.

Томонлар видеконференция кўринишидаги ОПЕК+ йиғилишида бу борада келишиб олиши кутилганди, лекин 6 апрелга белгиланган учрашув 9 апрелга қолдирилган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, учрашув техник сабабларга кўра қолдирилган. Шунингдек, Песков Путин Саудия вакиллари билан гаплашмаганини маълум қилди.

Мавзуга оид