Ўзбекистон | 19:56 / 07.04.2020
9338
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида коронавирус шароитида банк тизими ишлаши сектор раҳбари ва марказий банк раҳбарлари назоратида

Бугун Сирдарё вилоят 2-сектор раҳбари ва Марказий банк вилоят Бош бошқармаси бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор ва фармойишлари ижросини таъминлаш борасида нафақат вилоят марказидаги, балки чекка туман ва шаҳарларда жойлашган тижорат банкларида ҳам олиб борилаётган ишлар аҳволи ва бу борада мижозлар фикри ўрганилди.

Жумладан, Агробанк Сардоба филиали мижози Фотима Сагатова ва Зокир Исмоиловлар ўтказилган суҳбат давомида банк биносига кираверишда банк ходимлари томонидан мижозларнинг қўллари антисептик воситалар билан ишлов берилаётганлиги, банк биноси ичида ижтимоий масофага риоя этиш бўйича назорат ўрнатилганлиги ва энг асосийси банк хизматлари тезкор равишда амалга оширилаётганлигини таъкидлашди. 

Хусусан, тижорат банклари томонидан бугунги санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мижозларга ижтимоий масофани сақлаган ҳолда хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда дастлаб банк биносига ташриф буюрган мижозларнинг қўллари антисептик воситалар билан ишлов берилмоқда.

Шунингдек, банк ходимлари ҳимоя ниқоблари (маска) ҳамда антисептик воситалар билан таъминланган.

Бундан ташқари, 24/7 кеча-ю кундуз ишлайдиган шохобчаларда ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар мунтазам равишда дезинфекция қилиниши таъминланмоқда.

Ўз навбатида, Халқ банки ходимлари махсус ҳимоя кийимлар ҳамда антисептик воситалар билан таъминланган ҳолда вилоят ҳудуддида истиқомат қилувчи 72 мингдан зиёд пенсионерларнинг хонадонларига стерилланган пулларни алоҳида плёнка қоплама билан ўраб тарқатмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунда барча тижорат банклари томонидан мижозларга қулайликлар яратиш мақсадида мобил иловалар орқали уйдан чиқмаган ҳолда банк хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, ушбу янгиликлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид