Ўзбекистон | 16:11 / 08.04.2020
8099
2 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида «гибрид почта» хизматидан фойдаланиш тавсия этилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўзбекистонликларга карантин вақтида энг хавфсиз бўлган гибрид почта хизматидан фойдаланишни тавсия этди.

Фото: KUN.UZ

Берилган изоҳга кўра, «гибрид почта» хизмати бу – замонавий АКТ тизимлари имкониятларидан унумли фойдаланилган ҳолда, электрон тарзда қабул қилинган маълумотларни буюртмали ёки оддий хат-хабарлар шаклида почта алоқаси ёрдамида қабул қилувчи жисмоний ёки юридик шахсларга етказиб бериш хизмати ҳисобланади.

«Хизмати махсус тизим базасига келиб тушган маълумотлар республиканинг туманларида жойлашган почта алоқаси тармоқларида қоғоз кўринишида чоп этилади, конвертланади ва етказиб берилади. Жўнатма тақдим этилгандан сўнг ҳолати бўйича электрон тарзда тасдиқловчи маълумот берилади.

Жўнатмалар ўз вақтида, ишончли етказиб берилиши доимий назорат қилиб борилади. Ҳар бир жўнатманинг ҳолати тўғрисида бириктирилган штрих-код орқали махсус дастурдан маълумот олиш имконияти мавжуд», – деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов 8 апрель кунги брифингда.

Қайд этилишича, бу хизмат орқали Давлат хизматлари агентлиги ҳужжатлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг жарима хабарномалари, Тошкент шаҳар Мажбурий ижро бюросининг хабарномалари ва бошқа шу каби жўнатмалар етказиб берилмоқда.

«Вазирлик барча давлат идоралари ва бошқа ташкилотларга «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг «Гибрид почта» хизматидан фойдаланишни тавсия этади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда», – деди Шерзод Аҳмадов.

Мавзуга оид