Ўзбекистон | 14:00 / 08.04.2020
11329
3 дақиқада ўқилади

«Ўзини яккалаш» ҳаёт тарзида ишга қатнаш мумкин — Адлия вазирлиги

Махсус карантинга олишдан «Ўзини яккалаш» тартибининг фарқи карантинга олинганлар махсус тиббиёт ходимлари назоратида бўлади, «Ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи эса касаллик юқтирмаган ва юқтириш эҳтимоли ҳам йўқ бўлган соғлом одамлар учун жорий қилинади.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов «Ўзини яккалаш» ҳаёт тарзида иш берувчи ва ходим муносабатлари қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди.

«Ўзини яккалаш»нинг карантиндан фарқини билишга кўпчилик қизиқмоқда. Карантин кенг қамровли чеклов тадбирларини ўз ичига олса, «Ўзини яккалаш» ҳам унинг доирасида амалга оширилаётган тадбирлардан бири саналади ва «Ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи фуқароларнинг карантин даврида имкон қадар камроқ кўчага чиқишлари учун жорий этилган.

Масалан, карантин даври давомида транспортлар ҳаракатланиши чекланди, таълим муассасаларида ўқишлар тўхтатилди. Энди эса уйдан чиқишни ҳам чеклаш - «Ўзини яккалаш» тадбирлари карантин доирасида амалга ошириляпти.

Шунингдек, «Ўзини яккалаш» махсус карантинга олишдан ҳам фарқ қилади. Чунки карантинга олинганлар махсус тиббиёт ходимлари назоратида бўлади, «Ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи эса касаллик юқтирмаган ва юқтириш эҳтимоли ҳам йўқ бўлган соғлом одамлар учун жорий қилинади», дейди Ғайбулло Примов АОКАда ўтказилган брифингда.

У соғлом одамларни ҳимоя қилиш учун «Ўзини яккалаш» тадбирлари ёрдам беришини қайд этиб ўтган.

«Бундан ташқари, карантинга олинган шахслар «вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз» деб топилади ва бунинг учун уларга иш жойидан тўлов жорий қилинади, «Ўзини яккалаш» ҳаёт тарзида эса шахсга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тўлаб берилмайди, у карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаши ва ишга бориб-келиши мумкин», дея Ғайбулло Примовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Маълумот учун, айни вақтда Ўзбекистонда 88 695 киши карантин шароитида сақланмоқда, улардан 67 мингдан ортиғи уй шароитида карантин кузатувида, 21 мингдан ортиқ киши мамлакатнинг турли нуқталаридаги махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларида стационар шароитда бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрелдан эътиборан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилди.

Унга кўра:

  • шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
  • ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
  • 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.
Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид