Жамият | 19:32 / 08.04.2020
10833
2 дақиқада ўқилади

Шаҳарларга юк машиналарида яширинча одам олиб кириш ҳолатлари аниқланмоқда

Оҳангаронлик фуқаро ўз юк машинасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бирга 4 кишини Тошкентга олиб кирмоқчи бўлди. Ҳайдовчи бунинг учун уларнинг ҳар биридан 50 минг сўмдан олган.

Фото: KUN.UZ

Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов 8 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш вақтинча ташкил этилган 34та пост орқали амалга оширилади. Барча постларда юк транспорти учун алоҳида йўлакчалар ташкил этилган бўлиб, юк транспортини Тошкент шаҳрига кириб чиқишига ҳеч қандай тўсиқ ёки чеклов йўқ. Лекин айрим фуқароларимиз бу имкониятни суиистеъмол қилишмоқда.

Масалан, 4 апрель куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи 1973 й.т. фуқаро ўзининг юк машинасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти билан бирга 4 нафар фуқарони белгиланган чекловларга зид равишда Тошкент шаҳрига олиб кирмоқчи бўлгани, хизмати учун уларнинг ҳар биридан 50 минг сўмдан олгани аниқланди», деди Шоҳрух Ғиёсов.

ИИВ расмийсига кўра, карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ шу каби ҳаракатлар Тошкент шаҳрига кириш постларининг ўзида 20дан ортиқ ҳолатда кузатилган.

Термиз, Наманган, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам кириб-чиқишда бундай ҳолатлар бир неча марталаб аниқланган.

«Тошкент шаҳрига кириб келмоқчи бўлган, бошқа вилоятларда тергов ва суддан яширинган 3та қидирувдаги шахс ушланган ҳамда 4та ҳолатда Тошкент шаҳрида сотишга мўлжалланган наркотик ва психотроп моддаларни олиб кириш ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳуқуқбузарликларнинг барчаси юк ташиш машиналаридан фойдаланиб содир этилган.

Бундай ва бошқа ҳолатларга йўл қўймаслик учун, постларда турган ички ишлар органлари ходимлари бошқа идоралар билан ҳамкорликда шубҳали туюлган юк транспортини текширишга хақли. Тўғри тушуниб, асаббузарлик қилмасликларингизни сўраймиз», деди Шоҳрух Ғиёсов.

 

Мавзуга оид