Иқтисодиёт | 21:55 / 09.04.2020
55393
4 дақиқада ўқилади

Карантин туфайли ишсизга айланганлар муаммоси. Уларга қандай ёрдам кўрсатилиши керак?

Davletovuz канали муаллифи «Вақтинча даромадсиз қолганлар ҳақида» сарлавҳали постида коронавирус пандемияси даврида юзага келган ишсизлик муаммосини таҳлил қилди. Унда жаҳон мамлакатларида кўрилаётган чоралар келтирилган ва Ўзбекистон шароитида яна қандай чоралар амалга оширилиши кераклиги бўйича таклифлар берилган.  

8 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими туфайли вақтинча ишсиз қолган 1 млн 688 минг киши ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу мамлакатдаги меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг 19,1 фоизи демакдир. Агар иш берувчи қонунга итоаткор бўлиб, ҳамма солиқ ва ижтимоий тўловларни тўлаб келган бўлса, вақтинча ишини йўқотган киши 100 доллар атрофида моддий ёрдам олади.

Америкада бугун навбатдаги статистика рақамлари эълон қилиниши керак, шу кунгача 10 миллионга яқин киши ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилган. Бугун статистикани экспертлар 3-6 млн атрофида бўлади, деб прогноз қилишмоқда (айни вақтга келиб ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилган америкаликлар сони 17 миллионга етди - таҳр). 

Россияда эса пандемия ортидан вақтинча ишини йўқотганларга уч ой давомида 12 минг рубль атрофида компенсация тўлайди. Ҳозирча қанча одам бундай ёрдам сўраб мурожаат қилди, аниқ статистика йўқ. Россия ижтимоий ёрдамни фуқаронинг олдинги даромадларини инобатга олмасдан беришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда ҳам қанча одам вақтинча ишини йўқотди, ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин. Лекин каналимиз орқали 7 апрель куни ўтказилган ижтимоий сўров бу масалага бироз ойдинлик киритади. Сўровда 150 минг нафар киши ўз иши билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирган. Жумладан, 35 минг нафарга яқин респондент масофадан туриб, 43,5 минг киши эса ишга қатнаб ишламоқда. 14,6 минг киши ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилган.

Сўровда қатнашганларнинг 15 минг нафари ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилган, 41,6 минг нафари эса корхона фаолиятини вақтинча тўхтатгани сабабли ишсиз қолмоқда. Иккаласини қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, даромадсиз қолганлар сони 56,6 минг кишини ташкил қилаяпти. Бу меҳнатга лаёқатли респондентларнинг 39 фоизи дегани. 

Gazeta.uz сайти телеграм каналида 5 апрель куни жойлаштирилган сўровнома (140 минг респондент) натижаларига кўра, уларнинг 43 фоизи, аниқроғи 60,5 минг нафарида даромадлари камайган, 29 фоизида, яъни 40,5 минг нафари бутунлай даромадидан айрилган.

Нашр томонидан ўтказилган яна бир сўровномада эса 335 минг респондент иштирок этган. Уларнинг 28 фоизи — 93 минг нафари жамғармаси бор-йўғи 1-2 ҳафтага етишини билдирган. Қарийб 55 минг нафари (16 фоиз) икки ҳафтадан бир ойгача, 35 минг нафари (10 фоиз) эса 1-2 ойгача етишини билдирган.

Буларнинг барчаси нафақат кам таъминланганларни, балки вақтинча ишини ва даромадини йўқотганларни ҳам манзилли қўллаб-қувватлаш заруратини кун тартибига чиқаради. Бу лекин макарон, картошка ва ёғ бериш билан эмас, балки пул кўринишида амалга оширилиши зарур. Давлат бу ишни қандай қилади, бир нарса дейиш қийин. Бу ишни, балки иш берувчилар талабномаси асосида ойлик учун кейинчалик қайтариш шарти билан фоизсиз ва таъминотсиз кредитлар ажратиш ёки ишсиз ва даромадсиз қолганларни тўғридан-тўғри ишсизлик нафақаси тўлаш орқали (энг кам иш ҳақи —  679 330 сўм миқдорида, масалан) амалга ошириши керак бўлар. 

Албатта, давлат ҳаммага ёрдам бера олмайди, лекин олтин оралиқни топиб, вазият ўнглангунча қийин аҳволга тушиб қолган одамларимизга ёрдам қўлини чўзиш яхши иш бўлган бўлар эди.

Мавзуга оид