Юқори Чирчиқдаги махсус шифохонага 8100 га яқин фуқаро жойлаштирилган – Тошкент вилояти ҳокими
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилаётган 20800 ўринга мўлжалланган карантин полигонида 8096 нафар фуқаро жойлаштирилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Kun.uz’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Карантин эълон қилингандан буён вилоят бўйича 11599 нафар фуқаро коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот қилганликда гумон қилиниб карантинга олинган эди. Бугунги кунда карантин муддатини ўтаб бўлганларга жавоб берилди, ҳозирги вақтда 894 нафари тиббий муассасаларда, 7137 нафари эса махсус муассасаларда, 3332 нафари уй шароитида назоратда сақланмоқда. Уй шароитида карантинга олинган 3332 нафар фуқаро 795 та оила вакиллари ҳисобланади. Ички ишлар, миллий гвардия ходимлари уй шароитида карантинга олинганларнинг карантин талабларига риоя қилишини қатъий назорат қилишмоқда.
Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Зангиота, Тошкент, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Қибрай туманларининг юқумли касалликлар шифохоналари, Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг вилоят филиали, вилоят онкология диспансери, Қуйи Чирчиқ тумани туғруқ бўлими, Чирчиқ шаҳридаги “Дилчеҳра” хусусий клиникасида беморлар билан бевосита алоқада бўлганлар стационар шароитда кузатувда. Бундан ташқари, Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилаётган 20800 ўринга мўлжалланган карантин полигонида чартер рейслар орқали чет давлатлардан олиб келинган, “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ҳамда Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар – жами 8096 нафар киши жойлаштирилган. Чирчиқ ҳарбий полигонида “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтган 640 нафар шахс 14 кунлик карантинга олинган”, дея Рустам Холматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Рустам Холматовнинг қўшимча қилишича, Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясининг олдини олиш ва даволаш учун аҳолига биринчи навбатда зарур бўлган тиббий буюмлар, вирусга қарши дори воситалари, ҳарорат туширувчи ва антибиотиклардан иборат 1,3 млрд. сўмлик 61 хилдаги дори воситаларининг 2 ойлик захираси яратилган.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва карантин тадбирларини амалга ошириш доирасида Тошкент вилояти, туман ва шаҳарларининг маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 4 млрд. сўм ажратилган бўлиб, шундан 2,5 млрд. сўм Санитария Эпидемиология осойишталик маркази, туман ва шаҳар бўлимларига, 1,5 млрд. сўм туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига тақдим этилди. Бу маблағларга ҳудудларда тиббий анжомлар, махсус кийим-бош, бир марталик шахсий гигиеник воситалар харид қилинади ва дезинфекция ишлари амалга оширилади.
“Вилоятимиз Санитария Эпидемиология осойишталик марказига “Инқирозга қарши курашиш” республика жамғармаси томонидан қўшимча 13,5 млрд. сўм маблағ ажратиб берилди. Ҳозиргача шундан 7,7 млрд. сўм, жумладан, Тошкент вилоятидаги 8 та санаторияга 4,1 млрд, 10 та бюджет муассасасига 2,8 млрд, Санитария Эпидемиология осойишталик марказига зарур жиҳозлар харид қилишга 729,7 млн.сўм йўналтирилди. Вилоят “Инқирозга қарши курашиш” жамғармасининг ҳисобрақамида 5,5 млрд.сўмни сақлаб турибмиз. Карантинга олинган муассасаларда қўшимча харажатларга эҳтиёж туғилса, талабнома асосида бир кун ичида молиялаштириб берилиши назоратга олинган.
Карантин эълон қилингандан буён 299 минг 853 нафар фуқаро вилоятдаги 7 та санитар-карантин пунктларидан ўтган. Чегара орқали кириб келаётган фуқаролар тўлиқ тиббий кузатувдан ўтказилмоқда. Бугунги кунда хориж давлатларидан келган фуқароларни 14 кунлик карантинга жойлаштириш мақсадида вилоятимизда 22 та карантин пунктлари ташкил этилган. Шунингдек, вилоят бўйича жами 594 нафар шифокор, 5112 нафар ўрта тиббий ходим (220 нафар терапевт, 137 нафар реаниматолог, 86 нафар инфекционист, 151 нафар эпидемиолог), дезинфекторлар ва кичик тиббий ходимлар коронавирус профилактикаси ва стационар шароитида даволаш учун сафарбар этилган”, дейди Рустам Холматов.
Тошкент вилояти ҳокимининг таъкидлашича, вилоят ҳудудида карантин тартиблари янада кучайтирилади. Аввалроқ вилоятдаги тўртта шаҳар – Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиблари кучайтирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 9 апрель ҳолатига 32 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг барчаси Вирусология илмий текшириш институти ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти клиникаларида даволанмоқда.
Мавзуга оид
13:42 / 23.11.2024
Дубайда қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
18:09 / 25.10.2024
Янги Тошкент шаҳри учун Тошкент вилоятидан қўшимча ер ажратилди
09:45 / 10.09.2024
Жиззахда уч ака-ука шифохонада безорилик қилди
12:46 / 09.08.2024