Жамият | 12:40 / 10.04.2020
17288
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида карантин қоидаларини қасддан бузган қиморбозлар қўлга олинди

Фото: Навоий вилоят ИИБ ахборот хизмати

Навоий вилоятининг Кармана туманида жорий этилган карантин қоидаларига зид равишда ўз уйида қиморхона ташкил қилган 50 ёшли фуқаро ва унинг шериклари қўлга олинган. Бу ҳақда Навоий вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 апрель куни кечки соат 21:40да Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан Кармана тумани ИИБ ЖҚБ ҳамда вилоят ИИБ ППХ ва ТВБСО ходимлари билан ҳамкорликда Кармана тумани ҳудудида ўрганилган тезкор-профилактик тадбир ўтказилган. 1960 йил Кармана туманида туғилган, 4 нафар фарзанднинг отаси, «Каловот» МФЙда истиқомат қилувчи Ф.М. ўзининг яшаш хонадонида қиморхона ташкил этиб, таваккалчилик асосида қурилган ўйинга танишларини ҳам жалб қилган.

У билан биргаликда 1980 йилда туғилган, 3 фарзанднинг отаси, «Зиёкор» МФЙда яшовчи П.Б., 1981 йилда туғилган, 3 фарзанднинг отаси «Зиёкор» МФЙда истиқомат қилувчи А.Ж., 1985 йилда туғилган 3 фарзанднинг отаси, «Каловот» МФЙда яшовчи О.Э. ҳамда 1984 йилда туғилган 3 фарзанднинг отаси «Каловат» МФЙда истиқомат қилувчи В.Ш. ҳам шу хонадонда бўлган.

Улар карантин қоидаларини кескин тартибда бузиб, мўмай пул эвазига қимор ўйинини ўйнаш жараёнида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Қимор ўйини даврасида тикилган умумий қийматдаги 3 миллион 712 минг 500 сўм пул маблағлари ҳамда 7 дона ўйин карталари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилган. Шунингдек, В.Ш. бошқарувида бўлган «Дамас» русумли автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, яшаш хонадонида қиморхона ташкил этганлиги сабабли Ф.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси билан, қимор ўйини иштирокчилари ҳисобланган П.Б., А.Ж., О.Э.ҳамда В.Ш. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191- ва 54-моддаларига асосан тегишли тартибда иш очилган.

Мавзуга оид