Жамият | 19:12 / 11.04.2020
11060
3 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов ОАВ ва блогерларга солиқ имтиёзлари беришни таклиф қилди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов коронавирус туфайли кузатилаётган иқтисодий инқироз масс-медиа соҳасини ҳам четлаб ўтмаётганидан хавотир билдирди.

Фото: Facebook /Комил Алламжонов

Алламжонов соҳада инқироз оқибатларини юмшатиш учун ОАВ ва блогерларга солиқ имтиёзлари беришни таклиф қилмоқда.

«Шу кунларда Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкнинг қўшма қарори кенг муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлмоқда. Албатта, солиқчилар доим бюджетни тўлдириш хаёлида юради ва бу уларнинг вазифаси. Лекин адолатли қарор қабул қилишда жамоатчиликнинг фикрини ҳам инобатга олган ҳолда иш тутиш – бугунги Ўзбекистон бораётган йўл.

Шунинг учун ҳам барча билан бамаслаҳат иш юритилсин, деган мақсадда regulation.gov.uz каби порталлар йўлга қўйилган. Шундай экан, ушбу қарор лойиҳасига нисбатан кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган таклиф ва эътирозлар, жумладан хуфиёна иқтисодиётга қарши кураш мақсадида қилинаётган тизим аксинча хуфиёна иқтисодиётни кучайтириб юбориши мумкинлиги ҳақидаги муносабатлар инобатга олинади, деган умиддамиз.

Билмадим, пировардида бу ҳужжат қабул қилинадими ёки йўқ, лекин бугун солиқ мавзуси муҳокама марказига чиққанидан фойдаланиб, масс-медиа соҳасига оид бошқа бир таклифни илгари сурмоқчиман.

COVID-19 пандемияси натижасида кўплаб соҳалар каби оммавий ахборот воситалари ҳам молиявий муаммоларга дуч келмоқда. Вақт ўтиши билан бу муаммолар катталашса катталашадики, лекин ижобий томонга ўзгариши даргумон. Мана шундай шароитда уларни қўллаб-қувватламасак, сўз эркинлигининг таянчи бўлган кўплаб ОАВлар ёпилиб кетиши мумкин.

Шунга кўра, оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерларга (бевосита блогерлик фаолиятида олган даромадига нисбатан) солиқ имтиёзлари беришни таклиф қиламан.

Ҳа, тўғри, оддий кунларда ҳар қандай солиқ имтиёзини аксарият экспертлар иқтисодий нуқтайи назардан маъқуллашмайди, бунга қарши чиқишади. Лекин бутун дунёда катта иқтисодий инқироз кутилаётган бир даврда деярли барча давлатлар иқтисодий тангликка учраган турли соҳаларни қўллаб-қувватлаётганини ҳам унутмаслигимиз керак. Ва мен бугун алоҳида хавотир билан таъкидламоқчиманки, масс-медиа соҳаси ҳам ана шундай инқирозга учрамоқда.

Янги Ўзбекистоннинг муҳим ва ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситаларини сақлаб қолиш учун биргаликда ҳаракат қилишга барчани чорлаб қоламан», – деб ёзади Комил Алламжонов Telegram'даги каналида.

Мавзуга оид