Ўзбекистон | 13:47 / 11.04.2020
36919
4 дақиқада ўқилади

Олдин олинган стикерлар бекор қилинадими?

Адлия вазирлиги Бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов коронавирусга қарши кураш штабида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда келиб тушган саволларга жавоб берди

Фото: KUN.UZ

Мен адвокатман. Давлат хизматлари марказига стикер олиш учун мурожаат килган эдим, менга рад жавобини беришди. Бу ҳолатда мен кимга мурожаат этсам булади?

Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорида, қайси соҳа вакиллари ва қайси транспорт воситаларига стикер берилиши аниқ белгиланган эди. Шунингдек, рўйхатда қайсидир ҳолат назарда тутилмаган бўлса Адлия вазирлиги томонидан комиссия кўрсатмаси асосида рухсатнома берилиши кўрсатилган эди.

Таъкидлаш жоизки, суд-тергов органлари томонидан адвокатларнинг ўзларининг автотранспорт воситаларига ҳамроҳлик қилган ҳолда суд-тергов тадбирларида иштироки таъминлаб берилмоқда, шунингдек Адвокатлар палатаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига автотранспорт воситаларини бошқариш учун алоҳида сўровга асосан тегишли рухсатномалар (стикерлар) тақдим этилган.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатнинг шошилинч иштирокини таъминлаш мақсадида зарур ҳолларда, адлия органлари томонидан хизмат автотранспорт воситалари билан таъминланади.

Комиссия қарори ва юқорида айтиб ўтган тоифаларда адвокатнинг транспорт воситаларига стикер берилиши назарда тутилмаганлиги боис сизга давлат хизматлари томонидан стикер берилмаган.

Бундан ташқари, хабарингиз бор махсус комиссиянинг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилган.

Тошкент шаҳрида яшайман, ёшим 52 да “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзидан хабарим бор. Кўчага фақат озиқ-овқат ва аптека учун чиқиш мумкин эканлигини айтишмоқда. Менда битта муаммо бор мен ҳар куни 2 марта уйдаги итимни кўчага сайрга олиб чиқардим. Энди нима бўлади, итимни кўчага сайр қилдириш учун олиб чиқолмайманми?

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрелдан “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий тарзда жорий этилган бўлиб, унга кўра, Сиз айтиб ўтганингиздек, кўчага фақат биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон харид қилиш, шифокорга ва иш жойига бориш) учунгина рухсат этилган.

Бевосита саволингиздаги ҳолат бўйича махсус комиссиянинг жорий йилнинг 8 апрелдаги қарори билан Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида уй ҳайвонлари (уй итлари)ни уйдан 100 метр атрофида кунига бир маротаба сайр қилдиришга рухсат берилган

2020 йил 9 апрелдан бошлаб машиналарга бериладиган рухсатномалар бекор қилинди деб эшитдим. Энди биз олган стикерларимиз ҳам бекор бўлдими шунда?

Йўқ стикерингиз бекор бўлмади. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарори билан 2020 йил

9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилган.

Автотранспорт воситаларига 2020 йил 9 апрель кунига қадар берилган стикерлар ҳақиқий ҳисобланади ва улар асосида кўчада ҳаракатланиш мумкин.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишни жоиз деб биламан, ҳозирги пайтда айрим шахслар берилган махсус рухсатномаларни бошқа шахсларга фойдаланиш учун бераётганлиги ёки рухсатномадан мақсадсиз фойдаланаётганлиги аниқланмоқда.

Бу каби ҳаракатлар жавобгарликка сабаб бўлиши ва стикерларни бекор бўлишига олиб келишини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид