Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Томорқадан оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши режалаштирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор депутатлар томонидан томорқа ер эгаларининг томорқалардан оқилона фойдаланмаганлиги учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Бу ҳақда Kun.uz’га қуйи палата ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов хабар берди.
“Бугунги глобал шароит, яъни коронавирус пандемияси халқ хўжалигининг барча тармоқларини изчил ривожлантириш ишларини яна бир қайта, жиддий кўриб чиқишни тақозо этяпти. Ҳозирги воқелик озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар жиҳатдан муҳимлигини кўрсатмоқда.
Депутатларнинг фикрича, коронавирус пандемияси иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шу сабабли, халқимизни етарли озиқ-овқат билан таъминлаш бугунги кунда муҳим вазифа. Албатта, ушбу жараёнда фермер, деҳқон хўжаликлари билан бир қаторда, томорқа ер эгаларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Аҳоли ўзига ажратилган ердан унумли фойдаланиши, кўпроқ ҳосил олишга ҳаракат қилиши керак.
Халқ вакилларининг таъкидлашича, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси аҳолининг масъулиятини оширишга қаратилган бўлиб, унда алоҳида модда билан маъмурий жавобгарлик ўрнатиш кўзда тутилмоқда”, дея Ҳожиакбар Тўлагановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Лойиҳада томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаслик жарима солишга сабаб бўлиши, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса унда ҳам жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилмоқда.
“Сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ушбу қонун лойиҳасига қандай муносабат билдиради, ҳозирча номаълум. Албатта, буни вақт кўрсатади”, дейди Ҳожиакбар Тўлаганов.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқачиликни ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи эканини таъкидлаган, “бундай даврда томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш хиёнат деб баҳоланиши керак” деб айтган эди.
Давлат раҳбари барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклигини таъкидлаб, томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлашини маълум қилганди.
Мавзуга оид
19:32 / 15.05.2026
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
15:26 / 18.02.2026
Давлат байроғини намойиш этишда ягона талаблар жорий этилади
16:19 / 16.02.2026
Истеъмолчилар шартномаларида ноқулай шартлар чекланади
12:27 / 16.02.2026