Ўзбекистон | 17:42 / 12.04.2020
8309
2 дақиқада ўқилади

COVID-19 одамдан ҳайвонга ёки уй ҳайвонидан одамга юқишини тасдиқловчи маълумот йўқ – Отабеков

«Уй ҳайвонларида ҳам коронавирус аломатларига ўхшаш касалликлар учраб туради, лекин ҳозирга қадар COVID-19 одамлардан ҳайвонларга, ҳайвонлардан одамларга ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқ».

Фото: AFP

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавируснинг уй ҳайвонларига юқиш-юқмаслиги масаласида маълумот берди.

«Коронавирус касаллигининг қўзғатувчилари қирқдан кўпроқ бўлса ҳам, ундан фақат 7тасигина одамларда касаллик чақира олади. Уларнинг 4таси бутун дунёда учраб туради ва шамоллашнинг белгилари сингари намоён бўлади. Уларнинг иккитаси одамлар учун жуда хавфли деб баҳоланган. Булар: SARS-CoV-1 ва SARS-CoV-2 (COVID-19).

Агарда уйингизда боқаётган итингиз ёки мушугингизда одамларда кузатилаётган коронавирус касаллиги клиникасига ўхшаш белгилар пайдо бўлса, зинҳор буни COVID-19 деб ўйламанг. Итларда ҳам, мушукларда ҳам грипп, парагрипп, мушуклар ЎРС (мушук астмаси) кузатилиши мумкин.

Уй ҳайвонларида ҳам баъзан у ёки бу паразитар касалликлар натижасида ўпка яллиғланиши (пневмония), ўпка ва юрак етишмовчилиги, дирофиляриоз касаллигининг (гельминтозлар чақирадиган паразитар касаллик) юрак шакли ҳам учрайди. Лекин COVID-19 одамлардан ҳайвонларга, уй ҳайвонларидан одамларга ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқ», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ вируснинг асл ташувчиси кўршапалаклар бўлиб, кемирувчилар ёки бошқа баъзи турдаги ҳайвонлар оралиқ турдаги ташувчи вазифасини бажарган бўлиши мумкинлиги, Ухандаги ҳайвон бозори вирус ҳайвонлардан одамга юққан ҳудудга айлангани ҳақида фикрлар ўртага ташланганди.

Февраль ойида Хитой ҳукумати COVID-19 хасталигини келтириб чиқарувчи коронавирус эпидемиясининг олдини олиш мақсадида, ёввойи ҳайвонлар гўштини сотиш ва ейишни тақиқлаган, апрелга келиб Хитойда ит ва мушукларни ейиш тақиқланганди.

Хитойлик олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, мушукларга коронавирус юқиши мумкинлиги аниқланган. Аммо вируснинг мушукдан одамга юқиши ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ.

Мавзуга оид