Ўзбекистон | 18:25 / 13.04.2020
25328
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ҳам 4 нафар бемор бутунлай соғайди

 Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг тўрт нафари тўла соғайиб реабилитацияга ўтказилди.

 Kun.uz мухбири хабар қилишича, улар билан биргаликда беморларнинг соғайиб кетиши учун бор кучи ва маҳоратини ишга солиб иш олиб борган 116 нафар шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари ҳам реабилитация қилинган.

Соғайганларнинг икки нафари Андижон шаҳридан бири 38 ёшда, яна бири 43 ёшда бўлган аёллардир. Икки нафари эса Андижон туманида яшовчи 47 ва 48 ёшли аёллар. Уларнинг барчаси тиббиёт соҳаси ходимлари ҳисобланади.

Беморлар 29 март куни шифохонага олиб келинган эди. Муолажалар давомида олинган таҳлил натижалари улар бутунлай соғайиб кетганини кўрсатган.

 Шифокорлар ва беморлар вилоят ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида соғломлаштириш учун ажратилган масканларга кузатилган.

 

Бугун Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида икки нафардан бемор тузалгани тўғрисида хабар берилганди. Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, даволангач соғайиб кетганлар сони 74 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятида коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами 97 ҳолат қайд этилган ва шундан 78та ҳолатда тиббиёт ходимлари касалланган, шундан 56 нафари шифокорлар ҳисобланади.

Мавзуга оид