Жаҳон | 23:51 / 13.04.2020
3444
1 дақиқада ўқилади

Францияда мамлакат ичида ҳаракатланишга нисбатан чекловлар узайтирилди

Францияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 137 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган, 15 мингга яқин киши вафот этган.

Фото: New York Times

Франция президенти Эммануэль Макрон коронавирус эпидемияси сабабли жорий этилган мамлакат ичида ҳаракатланишга нисбатан чекловларни 11 майгача узайтирди.

У бу ҳақда телевидение орқали халққа мурожаатида эълон қилди.

"Умид қайтмоқда, аммо Град-Эст ҳамда Иль-де-Франс регионида касалхоналар тўлиб кетган. Шу боис саъй-ҳаракатларимиз ва қоидаларни давом эттиришимиз шарт. Қатъий изоляция тартиби 11 май кунигача сақланиб туради", - деди Макрон.

У "келгуси тўрт ҳафта давомида ҳукумат томонидан жорий этилган чоралар сақланиб қолишини, кучайтирилмаслиги ва бўшаштирилмаслиги"ни айтди.

Коронавирус тарқалиши сабабли Франция ҳукумати қарори билан мамлакатда қаҳвахона, ресторан, кинотеатр ва ноозиқ-овқат дўконлари ёпилган. 17 мартдан аҳоли ҳаракатланишига нисбатан қатъий чекловлар ўрнатилган.  

Охирги маълумотларга кўра, Францияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 137 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган, 15 мингга яқин киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид