Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқларда яшайди. Шу билан бирга, ўзбек қишлоғи деярли ҳар томонлама ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ўтган асрнинг 90-йилларидаёқ ўз-ўзига ҳавола этилган ижтимоий қатламдир. Шундан буён қишлоқ ҳаёт учун қўлидан келганча курашиб келяпти. Айнан қишлоқдан кетган миллионлаб меҳнат миграцияси — бунинг исботи.

Қишлоқнинг унутилгани, яъни тадқиқотлардан, ижтимоий-иқтисодий мониторингдан четда қолгани, бунинг оқибатида унинг очиқ ва яширин муаммолар масканига айлангани айнан ҳозирги ҳолатда — давомли карантин шароитида кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Зеро, қишлоқ муаммолари кўламини... деярли ҳеч ким билмайди.  

Юзага келган ҳолат гўё бармоғини бигиз қилиб бизга буюк ижтимоий-иқтисодий номутаносиблигимизни — 4 миллион гектар атрофида ишлов бериладиган ерларимиз бўла туриб, кўп миллионлик қишлоқ ишсизлигига, бунинг оқибати ўлароқ кўп миллионлик меҳнат миграциясига дучор бўлиб турганимизни айтиб турибди (дарвоқе, меҳнат мигрантлари эндиликда уйларига қайтишди, қишлоқдаги ишсизлар армияси сафини кенгайтириб).

Агарда шаҳар бу — кўплаб аҳоли, идоралар, муассасалар, ташкилотлар жамланмаси бўлса, қишлоқ ундай жой эмас. Боз устига, шаҳар одамларининг ҳуқуқий онги бирмунча шаклланган, қишлоқда эса ундай эмас. Шаҳарлик қўққисдан фавқулодда қийин аҳволда қолса кўчага чиқиб ёрдам сўраб хитоб қилса ҳам (бу ҳозирда ақл бовар қилмайдиган ҳолат бўлиб кўринса-да, фавқулодда ҳолатда бунақа манзарани тасаввур этиш қийин эмас) унга маҳаллий идоралар ва жамоатчиликнинг эътибори тушади. Қишлоқда эса бу каби ҳолатда хитобингизни ҳеч бир юқори идора эшитмайди.

Мамлакатнинг узоқ туманларига яна бир нарса хос — марказдан узоқлик сабабли мансабдорлар ўз мажбуриятларига нисбатан совуққондир. Шунинг учун, масалан, шу тобда қишлоқ аҳолисига ёрдам тарзида марказдан ажратилаётган маблағларни талон-торож қилиш юқори эҳтимол билан кўплаб марта содир бўлади. Ва бу ёмон ниятда эмас, балки шунчаки одат бўлиб қолгани сабабидан юз беради.

Ҳолат ниҳоятда экстремал тус олмасидан аввал, уни яхлит англамоқ лозим — карантин чекловлари яна бироз давом этса қишлоқ оилалари иқтисодий инқирозга юз тутади: чет элдан пул жўнатмалар барҳам топди, захиралар тугайди, шаҳарликлардан фарқли ўлароқ, қишлоқ одамларининг аксари корхона ва ташкилотларда ишламайди — ойлик маоши олишмайди. Қишлоқ аҳлининг даромади аксар кунлик уринишлар, коммуникациялар, бозор конъюнктурасига боғланган.

Нима қилиш керак?