Иқтисодиёт | 18:54 / 06.12.2025
1906
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавотлар бўйича миллий брендни яратиш борасида ҳамкорлик қилинади.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) катта иқтисодчиси Дмитро Приходко билан учрашув ўтказди. Мулоқот ФАО билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини барқарор ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Учрашувда республикадаги пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига «яшил» технологияларни жорий этиш, соҳани барқарор ривожлантириш бўйича стратегик ёндашувлар ҳамда унинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғунлашуви муҳокама қилинди.

Шунингдек, ФАО билан Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган «Агроконнект» дастури доирасида ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, мева-сабзавотлар бўйича миллий брендни яратиш юзасидан ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, ФАО ёрдамида Италиянинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишидаги дастурларида иштирок этиш масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни давом эттириш ва келгуси лойиҳаларни мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид