Ўзбекистон | 09:47 / 13.04.2020
9574
6 дақиқада ўқилади

ОТМ талабалари ўртасида республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби ойдинлашди

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

а) республика фан олимпиадаларини ташкил қилиш харажатлари:

олимпиада ўтказилаётган олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

б) талабаларнинг олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан кунлик, яшаш ва транспорт харажатлари олимпиадага юбораётган олий таълим муассасасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида;

в) республика олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг илмий раҳбарларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари билан боғлиқ харажатлар талаба ўқиётган олий таълим муассасасининг ҳамда илмий раҳбарининг асосий иш жойининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, олимпиаданинг мақсади - талабаларнинг ўқув-билиш, ўқув-тадқиқотчилик фаолиятини рағбатлантириш; ёшларнинг ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш; иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш учун зарурий шароитларни яратиш; ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат.

Қуйидагилар олимпиаданинг асосий вазифалари ҳисобланади:

истеъдодли талабаларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштиришда республика ва халқаро тажрибаларни инобатга олиш;

иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал ўсиши учун шароит яратиш;

талабаларда ўқув фаолиятига ва бўлажак касбига қизиқишни ошириш;

талабалар учун ўқув машғулотларини ташкиллаштиришда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерфаол усулларни татбиқ этилишини таъминлаш;

Олимпиада гуманитар, табиий илмий фанлар ҳамда умумкасбий, ихтисослик фанлари бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади. “Гуманитар ва табиий-илмий фанлар” блоги бўйича ўтказиладиган олимпиадада бакалавриатнинг кундузги бўлим 2-курс талабалари, “Умумкасбий ҳамда ихтисослик фанлари” бўйича 3-, 4-ва ундан юқори курс талабалари иштирок этади.

 Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш икки босқичда:

а) биринчи босқичи ўқув йилининг март-апрель ойларида барча ОТМларда;

б) иккинчи босқичи вазирликнинг буйруғи билан белгиланган муддатда тегишли фанлардан олимпиадани ташкил этиш ва ўтказишга масъул этиб белгиланган ОТМларда ўтказилади.

Олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишига шахсан ОТМ ректори (филиал директори, ҳарбий ОТМ бошлиғи) масъул ҳисобланади.

Олимпиаданинг 1- ва 2-босқичларини ўтказиш учун ОТМда жамоатчилик асосида Ташкилий қўмита тузилади. Таркиби ректор буйруғи билан тасдиқланади ва қуйидаги шахслардан иборат бўлади:

Ректор (Раис);

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (Раис ўринбосари);

Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи (Масъул котиб).

Аъзолари:

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор;

Ўқув ишлари бўйича проректор;

ОТМ “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти вакили;

Факультет деканлари, ОТМнинг етакчи олимлари ва мутахассислари.

Олимпиада ўтказиладиган гуманитар ва табиий-илмий, умумкасбий ҳамда ихтисослик фанлар бўйича биринчи босқич топшириқлари фан дастурига мос ҳолда, тегишли кафедралар томонидан кўп вариантли қилиб тузилади ва ОТМ Ташкилий қўмитасига топширилади. Мазкур қўмита мавжуд вариантлар асосида янги вариантларни тузади. Вариантлар махфийлигини таъминлаган ҳолда олимпиаданинг тегишли тури бошланиш вақтига қадар махсус сейфда сақланади ва олимпиаданинг тегишли тури бошланишидан олдин Ҳакамлар ҳайъатига топширади.

Олимпиаданинг иккинчи босқичида синов ўтказилаётган фанлар бўйича топшириқлар фан дастурига мос ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази томонидан тақдим этилган вариантлар асосида ва олимпиаданинг тегишли тури бошланишидан олдин Ҳакамлар ҳайъатига топширилади.

Олимпиаданинг 1 ва 2 - босқичлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ижодий иш тайёрлаш;

ёзма иш ёки амалий, лаборатория, тест ва оғзаки топшириқларни бажариш (ёки матн таржима қилиш).

Ижодий ишни тайёрлаш тартиби ва муддатлари ОТМ томонидан белгиланади.

Олимпиада икки кун давомида тўртта турда ўтказилиши режалаштирилади:

1-кун 2 турдан иборат: ижодий ёки лаборатория ишлари ҳамда ёзма иш;

2-кун 2 турдан иборат: тест синовлари ва оғзаки суҳбат.

Ҳар бир тур вазифаларини бажаришга икки соат вақт берилади.

Ҳар бир тур 100 баллик тизимда Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланади ва тўпланган баҳолар ўртача қиймати ҳисобланиб, талабанинг шу турдан олган бали аниқланади. Талабанинг 4 та тур бўйича натижаси асосида эгаллаган ўрни белгиланади.

Ҳакамлар ҳайъати 280 ва ундан юқори балл тўплаган талабалар орасидан баллар кетма-кетлиги бўйича I, II, III-ўринларни аниқлайди ва қайдномани расмийлаштиради. Кейинги ўринлар баллар кетма-кетлигида юқоридан пастга қараб аниқланади.

Агар барча талабаларнинг тўплаган баллари максимал баллнинг 70 фоизидан (280 балл) кам бўлса, ушбу фан бўйича ғолиб аниқланмади деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид