Ўзбекистон | 22:28 / 13.04.2020
13023
4 дақиқада ўқилади

Томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши бўйича ҳужжат қабул қилинди

Энди қишлоқ хўжалиги шароити айниқса оғир бўлган туманларда экинлар экилиши аҳволи ҳар ойда депутатлар ва сенаторлар томонидан ўрганилади, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилади.

13 апрель куни Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қўшма қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати.

Маълумки, 2020 йил 8 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбайи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори президент раислигидаги йиғилишда белгиланган вазифалар асосида қабул қилиниб, мазкур ҳужжат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Жумладан, унда аҳолига ўз томорқасидан самарали фойдаланишда ҳар томонлама ёрдам берилишига кўмаклашиш мақсадида парламент аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб олинган.

Эндиликда ҳудудлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги шароити оғир бўлган туманларда экинлар экилиши аҳволи ҳар ойда депутатлар ва сенаторлар томонидан ўрганилади, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағидан мақсадли фойдаланишни ташкил этишга кўмаклашилади. Шу мақсадда Ишчи гуруҳ томонидан Жамғарма маблағларидан жойларда қандай фойдаланилаётгани доимий ўрганиб борилади ва шу юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш борасидаги ишлар юзасидан тегишли вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қолаверса, кам таъминланган ва қаровчиси йўқ оилаларга илғор фермерлар бириктирилиб, уларга томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлаш бўйича ёрдам берилади. Бу жараёнларнинг барчаси депутатлар томонидан назорат қилиб борилади. Ердан самарали фойдаланаётган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Шу мақсадда бир ой муддатда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланишни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилиб, таклифлар тайёрланади. Ушбу соҳага доир қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, ҳар чоракда мутасадди вазирлик ва идораларнинг деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш бўйича олиб бораётган ишлари юзасидан ахборотлари эшитиб борилиб, ҳудудларда мунтазам муҳокамалар ўтказилади.

Парламент палаталари Кенгашларининг ушбу қўшма қарори аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, томорқаларда етиштирилган арзон, сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади. 

Мавзуга оид