Ўзбекистон | 00:02 / 13.04.2020
122791
5 дақиқада ўқилади

«Вирус юқтирганлар орамизда юрибди, улар ким, сони қанчалигини билмаймиз» – Хайрулла Бозоров Наманган вилоятидаги ҳолат ҳақида

Наманган вилоятида сўнгги кунларда қайд этилган коронавирусдан зарарланиш ҳолатларидан 6тасининг юқтириш манбаси маълум эмас. Айни вақтда вилоятдаги беморларнинг икки нафари оғир аҳволда сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Бу ҳақда вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 12 апрель куни вилоят аҳолисига қилган телемурожаатида айтиб ўтди.

«Вилоятда илк ҳолат 25 мартда аниқланган бўлса, қисқа муддатда касалланиш ҳолатлари 65тага етди. Булардан 22 нафари эркаклар, 43таси аёллар. 11 нафари 18 ёшгача бўлганлар, 7 нафари 60 ёшдан ошганлар. Бу эпидемия ёш-у қарини аямаяпти. Касалликка чалинганлар орасида 2 ойлик чақалоқ ҳам борлиги афсусланарлидир.

Республикамизда касалликдан тузалганлар сони 60 нафардан ортди, уларнинг орасида 4 нафари наманганликлар. Шифокорларимиз беморлар тузалиши учун курашмоқда», дея маълумот берган вилоят ҳокими.

Хайрулла Бозоров вилоятда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун жорий этилган чеклов чораларига риоя этилмаётганини танқид қилган.

«Тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан, афсуски, жуда кўпчилик бу касалликнинг хавфини тушуниб етмаяпти. Натижада бугунги кунда кўча-кўйларда тўпланиб ўтириш ҳолатлари, заруратсиз икки-уч киши ёки ундан ҳам кўпроқ бўлиб кўчада юриш ҳолатлари, ниқобсиз юриш ҳолатлари учрамоқда.

Вилоятимизда касалликка чалиниш ҳолатларига қарасак, бир бемор 38 кишига вирус юқтиргани, ёки бошқа ҳолатда вирусга чалинган бир киши 19 март куни бир оилада ўтказилган тўй маросимига бориб, бу маросимда 18 кишига вирус юқтиргани, жумладан, янги келин-куёвга ҳам вирус юқтиргани фуқароларимизга хулоса қилиш учун мисол бўлмаяптими?», деган вилоят ҳокими.

Вилоят раҳбари ўз мурожаатида сўнгги уч кун ичида мазкур инфекцияни юқтирган, манбаси аниқ бўлмаган 6та ҳолат аниқлангани, ушбу фуқаролар бу касалликни қачон ва кимдан юқтириб олганини билишмаслиги, айрим фуқаролар уйларида иситмалаб, буни оддий шамоллаш деб ўйлаб, ўзларини уй шароитида даволашга уринаётганини қайд этиб ўтган. 

«Фуқароларимизни бугунги кунда жорий қилинган карантин тартиб-қоидаларига риоя этиш ҳақида огоҳлантирмоқчиман. Энг муҳими, ҳар бир инсон бу касаллик қанчалик хавфлилигини ҳис қилиши керак. 

Ҳамма билиши керакки, вирусга чалинган бир киши бир неча кун давомида жамоат жойларида эркин ҳаракатланишда давом этса, 200 кишидан 400 кишигача вирус юқтириши мумкин.

Шу кунгача Наманган вилоятида касалланганлар кимлиги, улар қаерда ва қачон вирус юқтиргани, қолаверса, улар билан алоқада бўлганлар бизга маълум эди ва биз уларни тезкорлик билан тиббиёт муассасаларига жойлаштириб, вақтида тиббий ёрдамлар кўрсатиб келаётгандик.

Лекин охирги уч кун ичида бу касалликни юқтириш манбаси аниқ бўлмаган 6 бемор аниқланди. Афсуски, бу фуқароларимиз қачон, қаерда ва кимдан юқтиришганини билишмайди.

Иккинчидан, минг афсуски, айрим фуқароларимиз уйларида иситмалаб, буни оддий шамоллаш деб ўйлаб, уй шароитида ўзларини даволашга уринишмоқда. Натижада улар оила аъзоларига, қолаверса, аҳволи оғирлашганида етиб келган Тез тиббий ёрдам ходимларига юқтиришмоқда.

Охирги уч-тўрт кун ичида тўртта шундай ҳолат аниқланган, уларнинг учтаси Наманган шаҳрида, биттаси Учқўрғон туманида юз берган. Улар бир неча кунлаб, ўн кунлаб уйларида иситмалаб ётишлари, ўз вақтида шифокорларга мурожаат этмаганликлари бугун ушбу касалликнинг юқиш хавфини ошириб юбормоқда. Мазкур 4 нафар фуқаронинг икки нафари оғир аҳволда, бугун тонгдан улар сунъий нафас олдирадиган аппаратларга уланган.

Агар ушбу фуқароларимиз ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилишганида ўз вақтида аниқ диагноз қўйиларди, яқин қариндошларига юқтирилмас эди. Бугун уларнинг ҳар бири орқасидан 200тадан мингтагача одамни карантинга олишга ҳожат бўлмас эди.

Юқоридаги икки сабабдан хулоса қилиб айтмоқчиманки, коронавирус касаллигига чалинганлар орамизда юрибди. Лекин улар кимлигини, қаердалигини, уларнинг сони қанчалигини, афсуски, биз билмаймиз. Мана шу вазият бугунги кунда халқимиз учун энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда.

Иммунитети кучли ёшлар касалликка чалинган бўлса ҳам, унда касаллик аломатлари сезилмайди. Лекин улар ўзи билмаган ҳолда касаллик юқтирувчи бўлиб қолишади. Бу оғир оқибатларга олиб келиши мумкин», дейди вилоят ҳокими.

  • Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 апрель куни соат 06:00дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани, шу жумладан, «Қайқи» қишлоғи ҳудудида барча турдаги шахсий ва хизмат автотранспорт воситалари, мототранспорт (скутер), велосипед ҳамда фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади.

Мавзуга оид