Жаҳон | 22:06 / 14.04.2020
7968
3 дақиқада ўқилади

Австрия карантинни енгиллаштирди: кўплаб дўконлар очилди

Австрия коронавирус пандемиясига қарши жорий қилинган карантин чораларини енгиллаштиришни бошлади.

4 ҳафта давомида ўз-ўзини яккалаш шароитида яшаган Австрия босқичма-босқич нормал ҳаётга қайтмоқда. 14 апрель кунидан бошлаб, кўплаб дўконлар яна ўз эшигини мижозларга очди

Ҳозирча, фақат 400 кв.м. ҳудуддан ошмайдиган савдо шохобчалари, хусусан, китоб, парфюмерия, хўжалик моллари дўконлари, бутикларнинг иш бошлашига рухсат берилди. Бунда барча мижозлар ниқобда бўлиши, савдо аравачаларидан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши ҳақидаги талаб ўз кучини сақлаб қолди. Бу чекловлар жамоат транспортида ҳаракатланаётганларга ҳам тааллуқли. Қоидани бузганларни 3600 евро миқдоридаги жарима кутмоқда.

Енгиллаштиришнинг навбатдаги босқичи 2 майдан бошланади ва барча турдаги дўконларнинг, хизмат кўрсатиш жойларининг очилишига рухсат берилади. Ресторан ва барлар май ойининг ўрталаридан иш бошлайди. 

Австрия Европада биринчилардан бўлиб, карантин чораларини енгиллаштирмоқда. Ҳозирги вақтда дўконларнинг 80 фоизи иш бошлади. Вена шаҳрининг ўзида 4,5 мингга яқин савдо шохобчалари очилди. Уларнинг иш вақти 7.40 – 19.00 оралиғида белгиланган. 

Австрияда коронавирус билан хасталанганлар сони нисбатан кам, соғайиб кетганларнинг салмоғи эса юқори даражада. Бундан ташқари, коронавирус билан хасталанганларни даволаш учун клиникалар етарли. Ҳозирги кунгача мамлакатда коронавирус юқтириб олганлар сони 6500га яқин. Уларнинг тахминан минг нафари шифохонада даволанмоқда, 368 нафари вафот этган. Австрия клиникаларида беморларни қабул қилиш учун 20 мингга яқин бўш жойлар бор.

Канцлер Себастьян Курц карантинни енгиллаштириб, иқтисодиётни кўтариш учун нормал ҳаётга қайтиш зарурлигини эълон қилган бўлса-да, эҳтиёткорликни унутмасликка чақирди.

«Иқтисодий томондан бу инқирозни тезроқ енгиб ўтишни истаймиз. Аммо ҳали қиладиган ишимиз кўп. Ўз-ўзини яккалаш ва ижтимоий масофани сақлаш чоралари долзарблигини йўқотмади. Хавф-хатар ҳамон орамизда кезиб юрибди», - деди у.

Ўз навбатида Жаҳон соғлиқни-сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўтган ҳафтада карантин чекловларини енгиллаштираётган мамлакатларни умумий тарзда огоҳлантирди. 

«Чекловларнинг эрта олиб ташланиши коронавирус эпидемиясининг янги тўлқинини юзага келтириши мумкин», дейилади ЖССТ баёнотида.

Мавзуга оид