Индонезия президенти коронавирус эпидемиясини миллий фалокат деб эълон қилди
Индонезия соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 4557тага етган, 399 киши вафот этган.
Индонезия президенти Жоко Видодо ҳукуматнинг коронавирусга қарши кураш бўйича ваколатларини кенгайтирди ва COVID-19 эпидемиясини миллий фалокат деб эълон қилди. Бу ҳақда Jakarta Post газетаси хабар бермоқда.
"COVID-19 тарқалиши сабабли юзага келган нотабиий тусдаги фалокат миллий фалокат деб эълон қилинсин", - дейилади Индонезия президенти фармонида.
Индонезия табиий офатларга қарши курашиш миллий агентлиги раҳбари Дони Монардонинг сўзларига кўра, ҳукумат ишчи гуруҳининг миграция, божхона, карантин, харидлар, молия ва маҳсулотлардан оқилона фойдаланишни бошқариш борасидаги ваколатлари кенгайтирилади.
Ҳукуматнинг коронавирусга қарши курашиш масалалари бўйича вакили Аҳмад Юрианто миллий фалокат эълон қилиниши COVID-19 билан курашиш сиёсатида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмаслигини, давлат мавжуд чораларни кучайтиришини билдирди.
Индонезия соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 4557тага етган, 399 киши вафот этган.
Март охирида мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинганди.