Ўзбекистон | 23:00 / 14.04.2020
24776
6 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилди

Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади, деди президент Шавкат Мирзиёев.

14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллионга етади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Мамлакатимизда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга экспортни ошириш учун ҳам катта имкониятлар бор. Сўнгги уч йилда соҳада манфаатдорликни ошириш, оддий қилиб айтганда, деҳқон ва фермерни бой қилиш учун барча масалалар ҳал қилиб берилди. Энди мутасадди раҳбарлару миришкорлар ҳам ҳосил ва даромадни кўпайтириш учун янгича ишлаши зарур.

Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилмоқда.

Йиғилишда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55та туман, 86та кластер ва 125та кооператив бу борада етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди. Боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ҳамда Узумчилик агентликлари сабзавот, полиз ва бошқа турдаги экинлар экилишини ташкил этиш учун масъул этиб белгиланди.

Ички ишлар вазирлигига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Маҳсулот ҳажмини ошириш учун жорий йилда 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштириш лозим.

Бугунги кунда Бахмал туманида 3 минг гектар, Қўшработ туманида 5 минг гектар, Бешариқ туманида 2 минг гектар оборотдан чиққан ерда қудуқлар қазилиб, боғ ва токзорлар барпо қилиш бошланган. Бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш, сув чиқариб, лалми ерларни ўзлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Бу мақсадлар учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларига 300 миллиард сўм ажратилади. Ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади.

Яна бир йўналиш – ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқи муайян озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотилади. Бундан тушган маблағ янги ерларни ўзлаштиришга сарфланади.

Йиғилишда уруғлик ва минерал ўғитлар таъминоти муаммоси ҳам таҳлил қилинди. 

Бугунги кунда экин уруғларининг 25-30 фоизи хориждан олиб келинади, қолган қисми эса деҳқонлар томонидан турлича тайёрланади.

Хитойда экспортбоп дуккакли экинлардан 30-40 центнер ҳосил олинса, Ўзбекистонда 20 центнердан ошмайди, айрим ҳудудларда эса 7-8 центнерни ташкил қилади, холос.

Пандемия шароитида уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги кераклиги айтиб ўтилди.

Тизимдаги яна бир муаммо – мева-сабзавот етиштириш учун 255 минг тонна фосфорли, 290 минг тонна азотли ўғит етишмайди. Шунингдек, ўғитларнинг биржа савдолари орқали сотилиши ҳам деҳқонларга қатор қийинчиликларни туғдирмоқда.

Шу боис «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятига мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда ўғит дўконлари ташкил этиш вазифаси қўйилди.

«Экинларни экишга оз муддат қолди. Бу ишларни ўн кун ичида якунламасак, кейин кеч бўлади. Маблағ бўлмаса, экин ҳам бўлмайди, –  деди давлатимиз раҳбари.

Шундан келиб чиқиб, мева-сабзавот етиштириш ва сотиб олишга алоҳида молиялаштириш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Серқуёш юртимизда апрель ойининг иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса гилос ва ўрик тайёр бўлади. Экспортнинг 60-70 фоизи ушбу маҳсулотларга тўғри келади.

Мутасаддиларга мева-сабзавотлар экспорти бўйича туманлар ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиб, пандемия шароитида юзага келадиган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини шу тармоққа ихтисослаштириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинди. Умуман, тармоқда олдинги йилларда бўлмаган рағбатлантириш механизми йўлга қўйилди. Наслли моллар учун 2 миллион сўмгача, наслли қўй ва эчкига 400 минг сўмдан субсидия ажратиш механизми жорий этилди. Жойларда замонавий чорва комплекслари ишга туширилмоқда.

Президентимиз энди маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга импорт қилинаётган товарлар ўрнини қоплаш зарурлигини таъкидлади.

Озуқа ишлаб чиқарадиган корхоналар, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперацияларни кўпайтириш бўйича вазифалар қўйилди. Ҳар бир вилоятда наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этилиши белгиланди», – дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ахборот берди. Ҳудудларга бириктирилган мутасаддилар ва ҳокимларнинг пандемия даврида амалга ошираётган ишлари танқидий кўриб чиқилди.

Мавзуга оид