Иқтисодиёт | 13:02 / 15.04.2020
4258
2 дақиқада ўқилади

«Асосий савдо шерикларимизда юзага келган мураккаб вазият Ўзбекистон иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди» – Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Банк-молия сектори брифингида пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида гапирди.

«Жаҳон савдо ташкилоти жорий йилда халқаро савдо қарийб 37 фоизгача пасайишини прогноз қилмоқда. Шу жараёнлар билан бирга дунёда углеводород хом ашёси, биринчи навбатда нефть нархи кескин пасайишини ўзингиз ҳам кузатдингиз. Сўнгги бир ҳафтада нисбатан кўтарилган бўлса ҳам бу иниқрозгача бўлган даврдан сезиларли даражада паст. Мана шундай ҳолат жаҳон савдосининг пасайиши, иккинчидан йирик савдо ҳамкорларимизда карантин чоралари амалга киритилиши, бу биринчи навбатда Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларда мана шундай вазият юзага келган.

Аҳвол анчагина мураккаб. Хитойда ҳар йили 6 фоиз атрофида иқтисодий ўсиш бўлган бўлса, бу йил 1-1,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилиняпти. Россия Федерациясида ундан ҳам пастроқ. Дунёдаги ва асосий савдо шерикларимизда юзага келган мураккаб вазият, савдо йўлларидаги, савдо алоқаларидаги бир қатор муаммолар Ўзбекистон иқтисодиёти, пул-кредит, молия тизимига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. 

Шунинг учун ҳам куни кеча Ўзбекистон Марказий банки томонидан бошқарув кенгаши бўлиб ўтди, бу бўйича чора-тадбирлар белгиланган», деди Жамшид Қўчқоров.

Мавзуга оид