Бу галги глобал инқирознинг асосий юки давлатларнинг бюджетига тушмоқда – Тимур Ишметов
Коронавирус пандемияси туфайли кузатилаётган глобал инқироз бошқа инқирозлардан катта фарқ қилади. Унинг энг катта юки давлатларнинг бюджетига тушмоқда, дейди Молия вазири Тимур Ишметов.
Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов бугун, 15 апрель куни ўтказилган онлайн брифингда жорий инқирознинг ўзига хос жиҳатлари ва уни юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
«Фуқароларнинг маълум вақт давомида изоляцияда яшаб туриши – коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашнинг энг тўғри ва самарали йўли ҳисобланади. Шунинг натижасида барча давлатларда иқтисодий фаоллик сусайгани қайд этилмоқда. Айниқса, хизмат кўрсатиш, хусусий секторларда бу яққолроқ намоён бўлмоқда. Шу сабабли дунёдаги барча мамлакатларнинг ҳукуматлари, хусусан, Ўзбекистон ҳукумати ҳам юзага келган иқтисодий инқирознинг одамлар ҳаётига таъсирини камайтириш учун қўлдан келган барча чораларни ишга солмоқда.
Ҳозир бутун дунёда рўй бераётган, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кузатилаётган глобал инқироз бошқа инқирозлардан катта фарқ қилади. Бу инқирознинг энг катта юки давлатларнинг бюджетига тушмоқда. Негаки иқтисодий фаолликнинг бу даражада пасайишида, дунё бўйича аксарият маҳсулотлар, хусусан, нефть, газ ва бошқаларнинг нархлари кескин тушиб кетиши барча давлатларнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг бюджетига салбий таъсир кўрсатади. Албатта, бу ерда айрим товарлар, масалан, олтин нархи ошганининг биз учун ижобий томони ҳам бор.
Энди ҳозирги шароитда Молия вазирлигининг асосий вазифаси – аввало, инқироз даврида коронавирус инфекциясига қарши кураш тадбирларини ўз вақтида молиялаштиришдан иборат. Биз учун осон томони президентимиз фармонларига асосан айнан шу мақсадда алоҳида Инқирозга қарши жамғарма тузилгани бюджетнинг жорий харажатлари қайсидир маънода тартибга солиш имконини бермоқда», деди у.
Молия вазири вазирлик ҳузурида ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари қайси мақсадларда сарфланаётгани ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларидаги қурилишларни молиялаштиришга жамғармадан 400 млрд сўм ажратилган.
«Иккинчи асосий вазифамиз – бу, албатта, мана шу Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг харажатларини самарали амалга ошириш. Қисқача рақамларга тўхталадиган бўлсам, дори-дармон, вирусни аниқловчи тестлар, ҳимоя воситалари, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 127 млрд сўм ажратилган.
2019 йилнинг охирида ва жорий йилнинг бошида коронавируснинг тарқалиши глобал пандемияга айланишини билмаган бўлсак-да, касаллик Хитойда кенг суръатларда тарқала бошлагани, ушбу мамлакат билан бизнес алоқаларимиз кучли бўлгани учун инфекция Ўзбекистонга ҳам Хитой орқали кириб келиши эҳтимоли борлигини инобатга олиб, президентимизнинг топшириғига асосан махсус ҳукумат комиссияси тузилган эди.
Комиссия мамлакатимизга коронавирус инфекцияси кириб келишига йўл қўймаслик учун чораларни кўриши, мабодо касаллик кириб келган тақдирда, унинг аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириши белгиланган ва бунинг учун 2020 йилнинг I чораги давомида 100 млрд сўм худди шу мақсадда ишлатилган эди. Бу пайтда ҳали Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилмагани учун ушбу маблағ бюджетдан ажратилган.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 20 минг ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси қурилмоқда. Шу билан бирга, Зангиота туманида 10 минг ўринли махсус шифохона қурилмоқда. Мана шу қурилишларни молиялаштиришга жамғармадан бугунги кун ҳолатига 400 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган», дейди Тимур Ишметов.
Аввалроқ Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатларини очиқлаган эди.
Мавзуга оид
11:50 / 19.09.2024
Иш кўп, маош кам: Европа шифохоналарида “кадрлар инқирози” юз бермоқда
18:20 / 14.09.2024
Ишчи кучи камайди: Греция демографик фалокатга юз тутмоқда
12:28 / 10.09.2024
Ҳисобот: Кўплаб инқирозлар дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда
11:25 / 09.09.2024