Чироқчилик онаизор: «Оиламдан 5 киши шу вирусга чалинди... Ўзингизни асранг!»
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи бир муштипар онанинг қуйида келтирилган изтироблари сизни ўйга толдирса, ҳушёрликка чорласа, ажаб эмас. Унинг оиласидан бир, икки... эмас, беш нафар киши коронавирус инфекциясига чалинди. Дастлаб 14 ёшли ўғли, сўнг турмуш ўртоғи, кейин икки нафар қизи, сўнг кенжа ўғли...
Куни кеча унинг саккиз ёшли кенжа ўғли соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Аллоҳнинг мўъжизасини қаранг, шундай оғир хасталикни юқтирган турмуш ўртоғи ва болаларининг бошида парвона бўлган аёлда бу вирус аниқланмаган. У кенжа фарзанди соғайган куни карантиндан чиқиб, уни бағрига босди. Оиласининг қолган тўрт аъзоси эса ҳали даволанишмоқда.
Реабилитация марказида она-бола билан учрашганимизда тождор вирусни енгиб чиққан беғубор болакай дунёнинг ташвишини унутиб, онасининг бағрида мултфильм кўриб ўтирган эди. Онанинг хаёли эса қолган яқинларида...
Чироқчилик онаизорнинг изтиробли кечинмалари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган фикрда эътиборингизга тақдим қилмоқдамиз.
***
– Шу йил март ойининг ўрталари эди. Ўн тўрт ёшли ўғлимни шифокорлар операция қилиш керак, деб қолишди. Отасининг икки тоғаси Тошкентда шифокор бўлиб ишлашади. Улардан ҳам маслаҳат олиш умидида отаси ўзимизнинг “Нексия”мизда боламни олиб, пойтахтга жўнаб кетди. Бу оддий операцияни Қаршида ҳам, ҳатто Чироқчида ҳам қилиш мумкинлигини ўйламабмиз ҳам ўшанда...
Тоғалари уларни яхши кутиб олишган, ўғлимни яхши дўхтирларга кўрсатишган. Айниқса, кичик тоғаси операция ўтгунича улардан хабардор бўлган, “Наврўз” байрами куни ота-болани уйига олиб келиб, меҳмон қилган. Аммо ўша кунлари унинг ҳам мазаси қочиб, иссиғи чиқиб юрган экан. Эртаси куни отаси улар билан хайрлашиб, машинада ўғлимни олиб қайтади.
Уйга келгач, турмуш ўртоғим йўлда машина бузилиб қолиб, кўп қийналганини айтиб, ётиб қолди. Аввалига шамоллаган шекилли, деб эътибор қилмабмиз. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Тошкентдаги кичик тоғаси оғир дардга чалинганлиги учун шифохонага ётқизилганини эшитиб, ҳангу-манг бўлиб қолдик. Бир кун ўтиб, унинг коронавирус инфекциясидан вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб, даҳшатга тушдик. Отаси дарров дўхтирларга телефон қилиб, коронавирусга чалинган қариндоши билан мулоқотда бўлганлигини маълум қилди...
У ёғи худди ёмон тушга ўхшайди. Аввалига Тошкентда операция бўлган ўғлим, кейин отаси, кейин бошқа болаларимнинг лаборатория таҳлиллари уларнинг ҳам коронавирусга чалинганини кўрсатди. Кўзимга дунё зимистон бўлиб кўриниб кетди...
***
Эй Худо, бу қандай кўргулик бўлди, дейман, кўзларимга ёш қуйилиб келаверади. Оиламга қаердан ёпишди бу бало, нимага уларни Тошкентга жўнатишга кўндим, Хитойдан ташқари яна кўплаб давлатларда шу вирус тарқаганини эшитгандик-ку, нимага бунинг бизга дахли йўқ, деб калта ўйладик?..
“Ёмон тушим” ўшандан буён давом этаётганга ўхшайди. Ҳаммамизни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишди. Менда инфекция аниқланмади. Фақат карантинга олишди. Тавба, дейман, қишлоқда грипп деганлари, энг аввало, менга тегарди. Яқиндагина ҳам бир дунё “осма укол” олгандим. Худонинг ишлари қизиқ экан. Шу норасидаларимга берган дардни менгинага бера қолса нима қиларди, деб нола қиламан. Бирпасгина ухлаб олинг, дейишади, кошки кўзим илинса. Кун-у тун болаларимнинг, отасининг соғлиғини тилаб, Худога илтижо қилиб чиқаман.
***
Хонамиз рўпарасида жойлашган деразага термулавериб, кўзларим тиниб кетади. Ана, барака топкур дўхтирлар мижжа қоқмай болаларимнинг тепасида парвона, ана, қандайдир муолажалар қилишаяпти. Бу одамларнинг ҳам уйида болалари бордир, дейман. Шулар ҳам тирик жон-ку ахир? Нимага худди ўз боласи дард чекаётгандай жон куйдиришади булар?
Қанчадан-қанча ҳамқишлоқларим, қўни-қўшниларимиз, бошқа яқинларимизни ҳам ташвишга қўйдик. Уларнинг олдиларида ҳам минг хижолатдамиз. Биз сабаб ҳаловатлари бузилди. Айримлари карантинда ётиб чиқишга мажбур бўлишди.
Қишлоқда битмаган иморатимиз қолди. Болаларимнинг отаси уста. Рўзғоримиз шу устачиликнинг ортидан эди. Кам-кўстимиз кўп ҳали. Аммо ҳеч бир ташвиш болаларимнинг тола сочига арзимас экан. Ҳаммаси мактабда аъло баҳоларга ўқишарди. Уйимиз уларнинг мактабдан олиб келган фахрий ёрлиқларига тўлиб кетган. Айниқса, ўн олтига тўлган катта қизим ўқишга киришни орзу қилаётган эди...
Мана, неча кундан бери давом этаётган қоронғулик ичида ниҳоят йилт этган нур кўринди. Кенжатойимнинг соғайганини эшитганимда севинганимдан эсимни йўқотишимга сал қолди. У биринчи синфни тугатаяпти. Суннат тўйини қилиш ҳаракатида эдик.
***
Такрор-такрор айтаман: менинг бошимга тушганини ҳеч кимга кўрсатмасин! Ҳамма болалар оналарнинг гапларига қулоқ солишади. Дўхтирлар уйда қолинг, деб бежизга айтишаётгани йўқ. Оналар, илтимос, болаларингизни, яқинларингизни асранг! Бу синовлар ўтиб кетади, уларни уйда, иссиқ бағрингизда олиб ўтиринг. Топган бойлигингиз, солган иморатингиз, бошқа минг-минг орзу-ҳавасларингиз саломатликнинг олдида ҳеч нарса эмас экан.
Оналар дуолари ижобат бўлади, дейдилар. Илтимос, юртга тинчлик, элга соғлиқ тилаб, кафтларингизни дуога очган пайтларингизда менинг болаларимга, болаларимнинг отасига, шундай оғир дардни, синовни бошидан ўтказаётган барча юртдошларимизга ҳам шифо сўранг! Илтимос, азизлар, дуо қилинг!
Мазкур ҳаётий ҳикоя Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий саҳифаларида эълон қилинди.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Нуриддин ЭГАМОВ оққа кўчирди.
Мавзуга оид
18:06 / 17.10.2024
Қашқадарёда судя ёрдамчиси ўзини ишдан бўшатган суд раиси устидан шу судга даъво киритди
13:07 / 09.07.2024
Қашқадарёда маст ҳайдовчи ЙҲХ инспекторини пичоқлаб қочди. Инспектор вафот этган
14:03 / 11.06.2024
Ҳисорак сув омбори. У қачон қурилган ва Қашқадарё учун нимаси билан муҳим?
10:15 / 10.06.2024