Ўзбекистон | 20:15 / 15.04.2020
5275
2 дақиқада ўқилади

Президент қарори билан II чорак учун режалаштирилган айрим харажатлар иккинчи ярим йилликка ўтказилади

Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч кун муддатда барча даражадаги бюджетларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари харажатларини мақбуллаштириш, 2020 йил II чораги учун режалаштирилган айрим харажатларни 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказиш орқали карантин даврида барча даражадаги бюджетларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича қарор қабул қилиш вазифаси топширилган.

Шунингдек, ҳукуматга уч кун муддатда коронавирусга қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари ходимлари, шу жумладан ёрдамчи ходимлар ҳамда мазкур тадбирларга жалб қилинаётган бошқа ташкилот ходимларига 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча устамалар тўлаш бўйича таклиф киритиш, беш кун муддатда тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари учун қўшимча равишда бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилган.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид