Иқтисодиёт | 18:57 / 16.04.2020
8102
2 дақиқада ўқилади

Айрим бюджет харажатлари кейинги чоракларга ўтказилади, айримлари қисқартирилади – Тимур Ишметов

Бюджет тақчиллиги кўпайиб кетишининг олдини олиш мақсадида айрим ҳаёт учун зарур бўлмаган бюджет харажатларини кейинги чоракларга ўтказиш, айримларини эса қисқартириш бўйича таклифлар тайёрланган ва ҳукуматга киритилган, деди Тимур Ишметов.

Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов 15 апрель куни ўтказилган онлайн брифингда коронавирус туфайли бутун дунёда кузатилаётган инқирознинг Ўзбекистонга таъсири, уни юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Асосий мақсадимиз – II чоракда бюджет барқарорлигини таъминлаш. Прогнозларимизга кўра, 2020 йил бюджетида кўзда тутилган тақчилликнинг катта қисми айнан мавсумий омиллар ҳисобига II чоракда шаклланади. Яъни I, III ва IV чоракда одатда бюджетимиз профицит билан якунланса, айнан II чоракда дефицит билан тугалланади. Шу сабабли II чорак молиявий нуқтаи назардан энг оғир чорак ҳисобланади.

Коронавирусга қарши курашиш, карантин даври ҳам асосан йилнинг II чорагига тўғри келди. Бу бюджетга янада қийинчиликлар туғдиради, бюджетга қўшимча юк бўлади. Бундай вазиятда даромадларнинг қисман камайиши, харажатларнинг эса ошиши эҳтимоли бор. Молия вазирлигининг асосий вазифаси айнан II чоракда бюджетнинг балансланганини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда айрим ҳаёт учун зарур бўлмаган бюджет харажатларини кейинги чоракларга ўтказиш, айримларини эса қисқартириш бўйича таклифлар тайёрланган ва ҳукуматга киритилган”, дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган топшириққа асосан, молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда карантин шароитида қайси соҳаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали бюджетга қўшимча даромадлар тушишини таъминлаш устида ишламоқда. Бунинг учун Ўзбекистондаги йирик компания, ташкилот ва корхоналарнинг карантин даврида ишлашига шароит яратиш чоралари кўрилади.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда карантин чоралари май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли юқори эканини айтган, Ўзбекистоннинг ЯИМи биринчи чоракда 4,1−4,4 фоиз атрофида ўсган, экспорт 11 фоизга, импорт эса 10 фоизга қисқарганини маълум қилганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид