Ўзбекистон | 15:02 / 16.04.2020
35380
2 дақиқада ўқилади

Бухорода яна 20 киши касалликдан тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус ташхиси қўйилиб даволанган беморлардан яна 20 нафари тузалгани ҳақида хабар қилди.

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 20 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

«Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийсида карантинга олинган эди. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 10 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари Жиззах вилоятидан, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда.

Беморларнинг дарддан фориғ бўлишида, шубҳасиз, мазкур шифохона тиббиёт ходимларининг бирдамликда олиб борган самарали даволаш муолажалари муҳим аҳамият касб этди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 8 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 28 нафарга етди.

Ҳозирги синовли кунларда ҳақиқий фидойилик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида кўриб турибмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси тузалаётган беморлар кўрсаткичида намоён бўлмоқда. Бугун яна бир қатор шифохоналарда соғайган беморларнинг реабилитацияга кузатилиши кутилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан тўлиқ соғайганлар сони 127 нафарга етди.

Мавзуга оид