Доривор ўсимликлар – мамлакатнинг табиий бойлигидир
Маҳаллий флорага мансуб 4.3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда. 2019 йилда 48 млн АҚШ доллари қийматидаги қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорт қилинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти анъанавий тиббиётнинг асосий таркибий қисмларини қуйидагича аниқлайди: ўсимлик дори дармонлари ва бошқа табиий воситалар билан даволаш; акупунктур ва мануал терапия. Соғлиқни сақлаш тизимидаги анъанавий тиббиёт аллақачон дунёнинг бир қатор мамлакатларида, айниқса Осиё мамлакатларида муҳим рол ўйнайди. Халқ табобатимизда Абу Али ибн Сино даврига бориб тақаладиган чуқур дунёвий илдизлар мавжуд. Бугунги кунда Республикамизда халқ табобати тизими қонунийлаштирилган.
Бизнинг юртимиз доривор ўсимликларга бой. Маҳаллий флорага мансуб 4.3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.
2019 йилда 48 млн АҚШ доллари қийматидаги қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорт қилинган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори жуда долзарбдир.
Ушбу Қарорда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, ушбу соҳада таълим, фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини бирлаштириш зарурати белгилаб қўйилган. 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш учун кластерлар яратиш, шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш бўйича ҳудудларни ихтисослаштириш ишлари белгилаб берилган.
Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан таклиф этилган кластер тизими ўзининг ҳозирги глобаллашув даврида ва бозор иқтисодиёти талаблари асосида, ҳар бир имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланиб жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотларни етказиб бериш аграр секторда, жумладан пахтани етиштиришдан то уни комплекс қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида енгил саноат маҳсулотлари, озиқ овқат саноати маҳсулотлари (пахта ёғи ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар) ҳамда чорвачилик учун озуқа (ҳар хил емлар, премикслар) ишлаб чиқариш имкониятларини кескин ошириб, аграр соҳада янги тизим кластер тизими яратилганини эътироф этиш керак.
Қарорда қўйилган вазифалар ташкил этилаётган кластерлар олдига доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, дастлабки ва чуқур қайта ишлаш ҳисобига турли хил халқ табобатида, соғлиқни сақлаш тизимида ишлатиладиган дори препаратларини яратиш, ишлаб чиқариш ва импортдан кириб келаётган шу йўналишдаги препаратларни ўрнини маълум ҳажмда эгаллаш ва экспорт қилиш имкониятини яратади. Қарорда шу йилнинг 1 июнидан тайёр маҳсулотни сотиш бўйича кластерлар олдига қўйилган вазифалар “Доривор ўсимликлар” деб номланган янги саноат йўналишини яратади.
2020 йил 1 июндан бошлаб тиббий муассасаларда, жумладан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқлар (овуллар) тиббий марказларида фито-барлар, барча вазирлик ва идораларда, “Ислом Каримов” номидаги халқаро ва маҳаллий аэропортларда, барча турдаги автовокзалларда, темир йўл станцияларида, бозорларда, санатория муассасалари ва барча гавжум жойларда фитобарлар яратилади. Бугунги кунда фитобарларни яратиш фойдали инновацион ғояга айланиб, аҳолининг барча қатламларига халқ табобатининг анъанавий маҳсулотларидан самарали фойдаланиш имконини беради (чой, коктейл, дамлама ва бошқалар), шунингдек бошланғич капиталнинг нисбатан кам сармояси билан яхши бизнес манбаи бўлиб хизмат қилади.
Қарорнинг сўзсиз ижроси ҳозирги даврда доривор ўсимликларни етиштиришдан то ундан олинган маҳсулотларни бозорга етказиб бериш ва улардан халқимиз саломатлигини сақлашда халқ табобати маҳсулотлари ҳамда табиий доривор препаратлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Бу йўналишда янги иш ўринлари яратилади.
Фармонда Фанлар Академиясининг институтларига доривор ўсимликларни етиштиришнинг илмий асосларини, ўсимлик материалларини чуқур қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқиш, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан биргаликда биохилмахилликни ўрганиш ва йўқолиб бораётган ёввойи доривор ўсимликларни ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек табиий плантацияларни қуриш орқали уларни тиклаш бўйича вазифалар юклатилган. Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтига доривор ўсимликларни етиштириш, селекция ва уруғчилик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Доривор ўсимликларни етиштириш, ҳимоя қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш кўп мутахассисларни, жумладан ботаниклар, фармакологлар, кимёгарлар, биокимёгарлар, технологлар, манбашунослар ва бошқа мутахассисларни ҳамкорликда ишлашни талаб қилади. Мутахассисларни сўзларига кўра, ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш учун уни ҳар томонлама – структуравий, функционал, таксономик ва эволюцион билиш керак
Доривор ўсимликларнинг генофондини сақлаб қолиш ва кўпайтириш усулларидан бири бу уларни маданийлаштиришдир. Интродукция жараёни (маданийлаштириш) жуда мураккаб, узоқ ва кўплаб омилларга боғлиқ, яъни: ўсимликларнинг келиб чиқиши, уларнинг экологик табиати, табиий ўсиш жойларининг иқлим ва жуғрофий шароити ва кириб бориш майдони ва бошқалар. Табиатда ёввойи ҳолда ўсадиган шифобахш ўсимликларни маданийлаштириш қимматбаҳо юқори маҳсулдор турлари ва навларини олиш мақсадида кўпайтиришнинг кенг қамровини ўз ичига олади.
Ўсимликларнинг табиий генофондини сақлаб қолишнинг долзарб вазифаси – бу маълум бир турнинг қайтариб бўлмайдиган даражада йўқолиб кетишининг олдини олиш учун ген банкларини яратиш, яъни маълум шароитларда ёввойи ўсимликларнинг уруғлик захираларини сақлашдан иборатдир. Бу ҳам қарорда кўрсатиб ўтилган. Ген банкларини яратиш уруғларни сақлашнинг барча масалаларини пухта ўрганишни назарда тутади.
Шифобахш ўсимликларнинг табиий захираларини ҳимоя қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг ўсимликларни табиий ўсиш жойидан қайта ишлаш жойига, яъни фитопрепаратларни тайерлаш жойига ўтказиш босқичидир. Аввало, ўсимликларни тўғри йиғиш ва қуритишга таалуқлидир. Хом – ашёни йиғишда нафақат турларнинг тарқалиши, захиралари ва маҳсулдорлиги, балки ўрим-йиғимдан кейин ўсимликларнинг табиий ҳолатини тиклаш қобилиятини ҳам билиш керак. Ушбу хусусиятлар тўғрисида маълумотларнинг етишмаслиги ва энг муҳими, йиғим-терим ишларининг ёмон ташкил этилиши, кўпинча бир неча йиллик ишдан сўнг, аввалги доривор ўсимликлар ўсадиган худудлар сезиларли ёки тўлиқ қуриб кетишига олиб келади. Бу муаммоларни тизимли ҳал қилиш қарорда ўз аксини топган.
Фундаменталь фаннинг ютуқларига асосланиб шифобахш ўсимликларни оқилона комплекс чуқур қайта ишлаш технологияси иқтисодий самарадорликни ошириш тизимларидан биридир. Баъзида бир доривор препаратни ўсимликдан ажратиб олиниб, қолганлари беҳудага кетади. Олимлар иқтисодий жиҳатдан тежамкор технологияларга таяниб, доривор хом-ашёни чуқур ва кенг қамровли қайта ишлаш усулларини ишлаб чиқишга интилмоқдалар. Масалан, қизилмия илдизлари ва илдизмевалари комплекс қайта ишлаш технологияси натижасида қуруқ экстракт, флавоноид (ликвиритон, флакарбин) ва тритерпен препаратларини (глицирам, глицирринат) олиш мумкин.
Илм-фанни инновацион юқори сифатли маҳсулотларни излаш ва яратишда ёрдам бераётганини мисол келтирсак, доривор ўсимликлардан дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган “Бионорика” немис компаниясининг фитонирингидир. Ушбу компания фитонирлашнинг ўзига хос ғоясидан фойдаланади, у анъанавий даволаш усуллари соҳасидаги билимларни доривор ўсимликлар ва табиий фанлардаги инновацион илмий тадқиқотлар натижаларини бирлаштиради.
Ўсимлик препаратининг сифати ва самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг таркибий қисмларига боғлиқ бўлганлиги сабабли қайта ишловчи компаниялар ўсимлик материалларига энг юқори талабни қўяди. Ўсимлик материалларининг доимий сифати бошқариладиган ва стандартизациялаштирилган ўсиб борадиган шароит билан таъминланади. Атроф муҳит шароити, органик моддаларнинг юқори концентрацияси ва қисқа транспорт йўллари катта аҳамиятга эга. Ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичлари аналитик ҳисоб-китоблар билан текширилади ва мураккаб тизимни англатади. Илмий ишларда асосий эътибор нафас олиш касалликлари, гинекология, урология ва оғриқларга қаратилган. Чет эл компанияларининг доривор ўсимликларидан олинган маҳсулотлари Республикамизга импорт қилинади, қабул қилинган қарор бу препаратларни ўзимизда ўсадиган доривор ўсимликлардан олиш имкониятини яратади. Мисол тариқасида Болгариянинг “Трибестан” (темиртикан ўсимлиги), Германиянинг “Гелариум гиперикум” (далачой ўсимлиги), Чехиянинг “Персен” (арслон қуйруқ ўсимлиги асосида), Россиянинг “Экстракт валерианы” (асорун илдизи ва илдизпоялари) катта миқдорда дори шаклида кириб келади. Бу шифобахш ўсимликлар ўзимизда ҳам ўсади. Буларнинг ичидан фаол моддаларни олиш импорт ҳажмини камайтириш имконини беради. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 10 апрелда қабул қилинган “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарор шу муаммоларни тизимли равишда ечиш имкониятини беради.
Шу билан бирга ушбу қарор ижроси келгусида таълим, илм-фан ва ишлаб чикаришни интеграциясида катта йул очиб беришини кўрсатмоқда, чунки тиббиёт соҳасида малакали мутахассисларни етказиш борасида президентимизни куни кеча республикамиздаги тиббиёт коллежларини Ибн Сино номидаги тиббиёт техникумларга айлантириш борасида ҳамда халқ табобатини янада ривожлантириш тўғрисидаги қарорлари чиқди.
Буларнинг барчаси замонавий тиббиётда ва халқ табобати соҳасида малакали кадрларни тарбиялашда ҳамда маҳаллий ўсимликларни чуқур қайта ишлаб, халқимиз соғлиги учун зарур дори воситаларни олишнинг илмий асосини яратишда ва олинган илмий тажрибаларни фармацевтик эркин иқтисодий зоналарга трансфер қилишда ўз аксини топади, албатта.
Қабул қилинган қарор мамлакатимизнинг қимматли доривор ўсимликларини ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ илм-фан, бизнес, халқ табобати удумлари, фармацевтика ишлаб чиқариш имкониятларини тартибга келтиради.
Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмита аъзоси,
Ўсимлик моддалари кимёси институти директори, т.ф.д., профессор Шомансур Сагдуллаев
Мавзуга оид
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
11:05 / 21.11.2024
Қиммат сотилган дорилар туфайли истеъмолчиларга 7 млрд сўм қайтарилди
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
14:08 / 05.11.2024