Ўзбекистон | 08:43 / 16.04.2020
11943
4 дақиқада ўқилади

«Жамоат жойи», «Фидокор ёшлар» жамоат патрул гуруҳлари ва «Фаол фуқаро» кўкрак нишони. Янги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди:

Қонун лойиҳасида илгариги қонунларимизда мавжуд бўлмаган қуйидаги бир қатор тушунчаларга таърифлар бериб ўтилган:

жамоат хавфсизлиги - жамоат хавфсизлиги объектларининг уларга зарар етказиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати;

жамоат хавфсизлиги объекти - жамоат жойларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, шахсий хавфсизлиги ва мулкларининг ҳимоясини таъминлаш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш - давлат томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган сиёсий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий, ахборот, ҳуқуқий ва бошқа тадбирлар тизимини амалга ошириш;

жамоат тартиби - фуқароларнинг жамоат жойларида бирга бўлганда, одоб-ахлоқ, анъана ва урф-одатлар нормаларига асосланган ҳолда, жамоат ҳаётининг муайян тарзини белгилаб берадиган ҳуқуқий нормалар ва қоидалар мажмуаси.

Жамоат жойига берилган таъриф эса бизни энг қизиқтирган ва узоқ куттирган таъриф эканлиги шубҳасиз. Чунки, узоқ йиллар давомида ушбу тушунчага бирорта қонунимизда таъриф берилмаган эди. Лойиҳада мазкур тушунчага қуйидагича таъриф берилган:

Жамоат жойи - тўсқинликсиз ташриф буюриш (бўлиш) мумкин бўлган ёхуд фуқароларнинг турли эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган ерлар, бинолар, иморатлар, иншоотлар, уларнинг қисмлари, шунингдек, транспорт коммуникациялари.

Шунингдек, ушбу лойиҳада жамоат жойларининг қуйидаги турлари санаб ўтилган:

доимий характердаги жамоат жойлари – ҳудудида вақтинчалик иш режими билан чекланмаган фуқароларнинг доимий бўлиши ва фуқароларнинг доимий яшаш объектларининг мавжудлиги билан тавсифланадиган жамоат жойлари. Доимий жамоат жойларига – транспорт магистраллари, кўчалар, турар-жой мавзелари, маҳаллалар, даҳалар, микрорайонлар ҳудудлари, аэропорт, темир йўл, автомобил ва сув вокзалларининг бинолари киради;

вақтинчалик жамоат жойлари - ҳудудида вақтинчалик иш режимига эга бўлган фуқароларнинг вақтинча бўлиши ва фуқароларнинг доимий яшаш объектларининг мавжуд эмаслиги билан тавсифланадиган жамоат жойлари. Вақтинчалик жамоат жойларига – хиёбонлар, майдонлар, маданият ва истироҳат боғлари, савдо, кўнгилочар, савдо-кўнгилочар мажмуалар ва марказлар, гипермаркетлар, супермаркетлар, бозорлар ва фуқаролар оммавий йиғиладиган бошқа жойлар киради;

бир марталик жамоат жойлари - оммавий тадбирлар ўтказиш объектлари, ижтимоий, қишлоқ хўжалиги ёки бошқа соҳадаги иш ва тадбирлар, шу жумладан, одамлар оммавий йиғилганда ўтказиладиган тантанали тадбирлар, диний маросимлар ўтказиладиган даврдаги алоҳида жойлар.

Қонун лойиҳасида ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Президентнинг Давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, адлия органлари, таълимни бошқариш давлат органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимининг бошқарув органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари жамоат хавфсизлигини таъминловчи орган ва муассасалар ҳисобланади.

Мазкур лойиҳада фуқароларнинг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этишининг ташкилий шакллари ҳақида ҳам сўз борган бўлиб, ундаги янгиликлардан бири - бу “Фидокор ёшлар” жамоат патрул гуруҳларидир. “Фидокор ёшлар” жамоат патрул гуруҳлари - бу тегишли ҳудудда жойлашган жамоат жойларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ёш фуқароларнинг иштирок этиш шакли. “Фидокор ёшлар” жамоат патрул гуруҳлари тегишли маҳалланинг жамоат хавфсизлиги тизимига киради ва профилактика инспектори раҳбарлиги остида ишлайди.

Ундаги яна бир янгиликлардан бири шундан иборатки, жамоат тартибини сақлашда, жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятчиликнинг олдини олишда ва жиноятчиликка қарши курашда фидойилик ва жасорат кўрсатган фуқаролар алоҳида хизматлари учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ташкилотларнинг таклифига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан “Фаол фуқаро” кўкрак нишони билан тақдирланадилар.

Мавзуга оид