Лавров болаларни АҚШдаги таълим дастурларига юбормасликни маслаҳат берди
АҚШда болаларнинг таълим дастурлари орқали ўқиши халқаро ҳуқуқий шартномалар билан таъминланмаган, шунинг учун ота-оналар ўз фарзандларини бундай дастурларга юбормасликлари керак. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Коммерсантъ» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Барча ота-оналарга сафарларни халқаро ҳуқуқий битимлар билан ҳимоя қилмасдан туриб, АҚШдаги қандайдир таълим дастурларига розилик бермасликни қатъий тарзда маслаҳат берамиз. Америкаликлар билан бизда бундай битимлар йўқ», - деди Лавров. Унинг сўзларига кўра, бундай дастурлар туфайли «турли воқеалар» рўй беради.
Хусусан, Лавров бир кун олдин Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова хабар берган, россиялик мактаб ўқувчилари билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратди.
Вазирнинг сўзларига кўра, 74 нафар россиялик мактаб ўқувчиси АҚШда «қандайдир қилиб» пайдо бўлиб қолган. Лавровнинг таъкидлашича, юқори синф ўқувчилари мамлакатда алмашув дастури доирасида бўлишган, аммо эпидемия туфайли унинг ҳаракати тўхтатилди. Россия вазирлиги бундай дастур мавжудлиги ҳақида хабардор эмас, уни АҚШ Давлат департаменти назорат қилади, дея аниқлик киритди Лавров. Россиялик мактаб ўқувчилари мушкул вазиятда эканликлари бир неча кун олдин ошкор бўлди, дея қайд этди вазир. Ҳозир дипломатлар уларнинг манзилларини аниқламоқда.
Захарованинг маълумотига кўра, гап Secondary School Student Program дастури ҳақида бормоқда. Эпидемия сабабли дастур тўхтатилди, лекин унинг ташкилотчилари болалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишмади ва уларнинг қаерда эканликлари тўғрисидаги маълумотни россиялик дипломатларга беришмади, деди у.
АҚШнинг Россиядаги элчихонаси хабар қилишича, ҳозирда мамлакатда хусусий сектор томонидан молиялаштирилувчи алмашув дастурлари бўйича 51 нафар россиялик ўқувчи бор. «Биз бу ўқувчиларнинг баъзилари Россияга қайтиш истагини билдирганини тушунамиз, бу борада уларнинг ҳомийлари орқали ишлаяпмиз», - дея хабар қилинган дипломатик ваколатхонада.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
20:17 / 05.11.2024