Ўзбекистон | 14:54 / 16.04.2020
2548
8 дақиқада ўқилади

«Замонавий мактаб» талаблари асосида амалга ошириладиган ишларнинг назорати қандай бўлади?

Умумтаълим объектларида «Замонавий мактаб» талаблари асосида амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларининг назорати тартиби тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим объектларида «Замонавий мактаб» талаблари асосида амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларининг назорати тартиби тўғрисидаги низом»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича, низом қоидалари молиялаштириш манбаидан қатъий назар янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган барча умумий ўрта таълим муассасаларида амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишлари учун мажбурийдир.

Умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларининг «Замонавий мактаб» талаблари асосида амалга оширилишининг назорати қуйидаги принциплар асосида амалга оширилади:

назоратни амалга оширишнинг қонунийлиги, холислиги ва ошкоралиги;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилиш;

хўжалик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик.

Умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида лойиҳалаш ишлари «Замонавий мактаб» намунавий лойиҳаларига мос равишда амалга оширилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида лойиҳалар «Инжиниринг компанияси» ДУК томонидан тайёрланадиган техник топшириқларга асосан ишлаб чиқилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда буюртмачи вазифасини амалга оширувчи ташкилотлар ҳар йили октябрь ойининг охирги кунига қадар кейинги йилда амалга ошириладиган янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш мақсадида «Инжиниринг компанияси» ДУК билан тўғридан-тўғри шартномалар тузадилар. Шартнома қиймат келтирилган мезон асосида аниқланади.

«Инжиниринг компанияси» ДУК умумий ўрта таълим муассасаларини «Замонавий мактаб» намунавий лойиҳалари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида сифат мониторингини амалга оширади.

Сифат мониторинги умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган иш ҳажмларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига мослиги, ишлатилаётган материалларнинг шаҳарсозлик нормалари, қоидалари, техник шартлар, санитария нормалари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан олиб бориладиган назоратни назарда тутади.

Буюртмачи ташкилотлар «Инжиниринг компанияси» ДУКни объектларда қурилиш-монтаж ишлари бошланганлиги тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирган вақтдан бошлаб 10 кун ичида сифат мониторингини амалга оширилишига киришилади. Ёзма огоҳлантириш қурилиш-монтаж ишлари бошланган вақтдан бошлаб 3 кун ичида амалга оширилади. Маълум объектда қурилиш-монтаж ишлари бошланганлиги тўғрисида ёзма огоҳлантиришнинг ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун жавобгарлик буюртмачи ташкилотлар зиммасига юкланади.

Сифат мониторинги режали текширув (субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) кўринишида амалга оширилади. Режали текширув тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда ҳеч қандай тўсиқларсиз «Инжиниринг компанияси» ДУК томонидан тасдиқланадиган режа-жадвал асосида амалга оширилади.

«Инжиниринг компанияси» ДУКнинг сифат мониторингини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар мувофиқ тузиладиган шартномаларда назарда тутилади.

Сифат мониторингини амалга ошириш жараёнида зарур ҳолларда далолатнома, ёзма кўрсатма, тақдимнома ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилиши мумкин.

Сифат мониторингини амалга ошириш жараёнида «Инжиниринг компанияси» ДУК мутахассислари қуйидаги ваколатларга эга:

қурилиш объектига пудрат ташкилоти вакили, буюртмачининг техник назоратчиси, лойиҳачининг муаллифлик назорати ходимини қурилиш босқичидан қатъий назар чақиртириш ва тушунтириш олиш;

бино ва иншоотларнинг сифатига таъсир қилувчи, тасдиқланган лойиҳадан четга чиқиш аниқланган ҳолатларда қурилиш-монтаж ишларини мос равишда, бироқ 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ҳамда номувофиқликлар (камчиликлар)ни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, бунда камчиликлар кўрсатмада белгиланган муддат ичида бартараф этилмаган тақдирда ўрнатилган тартибда тегишли қурилиш соҳасида назорат ҳудудий инспекциясига ҳуқуқбузарликларнинг бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритиш;

бино ва иншоотларнинг сифатига таъсир қилувчи бартараф этиш мумкин бўлмаган лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари аниқланганда 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда демонтаж ишларини амалга оширишни талаб қилиш;

қурилиш-монтаж ишлари бажарилишида ишчи лойиҳа, шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларини бузиб бажарилган сифатсиз ҳолатлар аниқланган тақдирда белгиланган тартибда сифатсиз ишлар ҳажмини умумий иш ҳажмидан чегириб ташлаш юзасидан буюртмачига ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма бериш.

Буюртмачи ташкилотлар «Инжиниринг компанияси» ДУКни умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари якунланган вақтдан бошлаб 3 кун ичида бу тўғрисида ёзма равишда огоҳлантириши шарт.

Объектларда қурилиш-монтаж ишлари якунлангани тўғрисида маълумот тақдим қилинган пайтдан бошлаб 5 иш кунидан кечикмасдан «Инжиниринг компанияси» ДУК томонидан буюртмачи ташкилот, пудратчи (ёрдамчи пудратчи), лойиҳачи ташкилотлар вакиллари иштирокида бажарилган ишларнинг якуний назоратини амалга оширишга киришилади. Якуний назорат давомийлиги амалга оширилган ишлар ҳажми, бино-иншоотларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда, лекин 30 кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Якуний назорат «Инжиниринг компанияси» ДУКнинг бир ёки бир неча мутахассислари томонидан, шунингдек зарур ҳолларда тўғридан –тўғри тузиладиган шартномалар асосида малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

«Инжиниринг компанияси» ДУКнинг якуний назоратни амалга ошириш боғлиқ харажатлар тузиладиган шартномаларда назарда тутилади.

Буюртмачи ташкилот якуний назоратни амалга ошириш учун зарур бўладиган барча ҳужжатларни «Инжиниринг компанияси» ДУКга тақдим этилишига масъул ҳисобланади.

Қурилиши тугалланган умумий ўрта таълим муассасаларини фойдаланишга қабул қилишга «Инжиниринг компанияси» ДУКнинг амалга оширилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати юзасидан тайёрланадиган ёзма хулосаси тақдим қилингандан кейингина йўл қўйилади.

Якуний назорат натижалари уч нусхада далолатнома тузиш орқали расмийлаштирилади. Далолатномаларнинг бир нусхаси «Инжиниринг компанияси» ДУКда сақланади, иккинчи ва учинчи нусхалари буюртмачи ташкилот ва Бош пудратчига тақдим этилади.

«Инжиниринг компанияси» ДУК томонидан амалга оширилган якуний назорат натижасига кўра янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида ишчи лойиҳа, «Замонавий мактаб» техник талабларини шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларини бузиб бажарилган сифатсиз ҳолатлар аниқланган тақдирда, қурилиш-пудрат ташкилоти, лойиҳачилар билан биргаликда ушбу аниқланган камчилик ва нуқсонларни 15 кундан ошмаган муддатда бартараф этишлари юзасидан ёзма кўрсатма расмийлаштирилиши, мабодо аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, сифатсиз бажарилган, белгиланган техник талабларга мос келмаган ҳолда бажарилган ҳамда ортиқча ҳажмда кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари қийматини иқтисодий судлар орқали ундириш бўйича даъво аризалари киритилиши мумкин.

Бунда, умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида сифатсиз бажарилган, белгиланган техник талабларга мос келмаган ҳолда бажарилган ҳамда ортиқча ҳажмда кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича ундирилган суммаларнинг 90 фоизи тегишли объектлардаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун бўйсунувига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг махсус шахсий ғазна ҳисобварақларига, 10 фоизи эса «Инжиниринг компанияси» ДУКнинг махсус ҳисоб рақамига ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига йўналтирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид