Ўзбекистон | 20:54 / 17.04.2020
11297
3 дақиқада ўқилади

181 минг тонна картошка захираланган, хориждан яна 130 минг тонна олиб келинди – Саидкамол Хўжаев

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаевга кўра, Ўзбекистонда картошка танқислиги вужудга келмайди. У 2019-2020 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун 181 минг тонна картошка захиралангани, 2020 йил январь-март ойларида хориждан 130 минг тонна картошка олиб келинганини маълум қилди.

“Республикамизда картошка тақчиллиги асосан март-апрель ойларига тўғри келади ва ойлик эҳтиёж 45-50 минг тоннани ташкил қилади. Бу даврда ички истеъмол асосан захира ва чет элдан импорт қилиш ҳисобига қондирилади. 2019-2020 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун 181 минг тонна картошка захираланган. Шунингдек, 2020 йил январь-март ойларида хориждан 130 минг тонна картошка олиб келинди. Март ойининг ўзида картошка истеъмоли 60 минг тоннадан ошди. Апрель ойида ҳам эҳтиёжнинг бир қисми импорт ҳисобидан қопланади.

Март ойи охирги ўн кунлигидан бошлаб республикамизнинг жанубий вилоятларидан ички бозорларимизга эртаки картошка маҳсулотлари чиқарила бошланди, жумладан апрель ойида 65 минг тоннага яқин, май ойида эса 85 минг тонна картошка етиштирилади.

Шунингдек, картошкачиликни ривожлантириш, ҳудудларни ихтисослаштириш, соҳани қўллаб-қувватлаш тизимларини яратиш мақсадида махсус қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда ушбу қарор лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

2020 йилда республика бўйича асосий ва ғалладан бўшайдиган такрорий ҳамда томорқа хўжаликларида жами 130 минг гектар майдонда 2,9 млн тоннага яқин картошка ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари белгилаб олинди. Йил давомида ички истеъмолни тўлиқ қоплашга етади”, дея Саидкамол Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари Евросиё иқтисодий кенгаши ҳайъати томонидан Марказий Осиё минтақаси аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида картошка, гуруч, гречка ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига чекловлар қўйилгани сабабли Ўзбекистонда 2020 йил якунигача ва кейинги йил пишиқчилик мавсумигача аҳолининг асосий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.

“Давлатимиз раҳбари раислигида 14 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

БМТнинг ЖССТ, ФАО ташкилотлари томонидан белгиланган истеъмол меъёрлари асосида республикада кундалик истеъмол учун зарур бўлган 21 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шундан 9 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан картошка, пиёз, сабзи, мевалар, узум, полиз, дуккаклилар, гуруч, буғдой маҳсулотлари (ун, нон, макарон) ишлаб чиқариш ва талабни қондиришдаги бугунги ҳолати ўрганиб чиқилди”, деди у.

Мавзуга оид