Бухорода яна 11 бемор тузалди. Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 140 нафарга етди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухорода яна 11 нафар бемор тузалиб, ушбу вилоятда касалликдан соғайганларнинг жами сони 39 нафарга етгани ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 апрель куни ҳам Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 11 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан бўлса, Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 30 ёшда.
«Ушбу муваффақиятли қадамларга сабаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани десак, хато бўлмайди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 28 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 39 нафарга етди.
Энг муҳими, соғлиқни сақлаш соҳасида кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларида барча зарур шароитларнинг яратилгани, малакали кадрлар билан таъминланганлиги коронавирус пандемиясига қарши тезкор ва самарали курашишнинг ҳам асосий омили бўлмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Айни пайтга қадар Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан тузалганларнинг жами сони 140 нафарга етди.
Мавзуга оид
11:34 / 08.10.2024
Бухорода икки ишчи ток уриши оқибатида ҳалок бўлди
17:13 / 12.08.2024
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди
16:34 / 21.07.2024
Бухорода хориждаги эрига жаҳл қилиб, болаларини калтаклаган аёлга жазо қўлланди
10:17 / 10.07.2024