Ўзбекистон | 11:19 / 17.04.2020
2366
3 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ органлари фаолиятини ДХА тизимида самарали ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади

ФҲДЁ архивларининг архивариус лавозимлари 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимларига айлантирилмоқда 

Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тизимида самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, лойиҳа президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон фармонининг 23-бандига асосан ФҲДЁ бўлимлари ва Никоҳ уйлари Давлат хизматлари агентлиги тизимига ўтказилмоқда. Шу боис лойиҳада ушбу ФҲДЁ бўлимларининг Агентликка ўтказилиши турли қонун ҳужжатларида ифода этилмоқда.

Хусусан, Агентлик адлия органлари ва муассасалари тизимига кирганлиги сабабли лойиҳада ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга мартаба даражалари бериш, кўп йиллик хизматлари учун устамалар белгилаш тартиби адлия органлари ва муассасаларининг ходимларига нисбатан қўлланиладиган тартибга мослаштирилмоқда.

Бундан ташқари, ФҲДЁ бўлимлари ва Никоҳ уйлари президентнинг 2020 йил 31 январдаги ПФ–5930-сон фармонига асосан ташкил этилиши белгиланган Давлат хизматлари марказлари филиаллари билан биргаликда Агентлик тузилмасига киритилмоқда ҳамда уларни молиялаштириш масалалари аниқ белгилаб берилмоқда.

Шу билан бирга, ФҲДЁ архивлари фаолиятини янада такомиллаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимидаги маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш ва фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ФҲДЁ архивларининг архивариус лавозимлари 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимларига айлантирилмоқда.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, топиб олинган (ташлаб кетилган) бола туғилганлигини қайд этиш, суюнчи пули олиш учун ФҲДЁ бўлимидан маълумотнома тақдим этиш, айрим далолатнома ёзувларини тўлдириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Билдирилишича, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча маблағларни талаб этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид