Ўзбекистон | 22:03 / 17.04.2020
7217
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат шартномалар бажарилмаган тақдирда бизнес учун «форс-мажор» режимини жорий этишга қарор қилди

Ўзбекистон ҳукумати коронавируснинг тарқалиши туфайли ҳукумат шартномалар бажарилмаган тақдирда бизнес учун «форс-мажор» режимини жорий этишга қарор қилди.

Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев 17 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

“Дунёдаги эпидемиологик вазият ва Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалиши туфайли ҳукумат шартномалар бажарилмаган тақдирда бизнес учун «форс-мажор» режимини жорий этишга қарор қилди.

Коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектларининг талабларига биноан енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари сертификатларини бериш топширилади. Сертификатни бир кунда олиш мумкин.

Эски ҳамкорларни йўқотмасликдан ва янги ҳамкорларни топишгача бўлган консультатив ёрдам бериш мақсадида 24/7 режимида узлуксиз фаолият юритувчи экспортчилар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш Республика штаби ташкил этилган. Штаб томонидан, тадбиркорларда ташқи савдо ва инвестиция фаолияти барқарорлигини таъминлаш бўйича юзага келаётган масалаларга тезкор ечимлар топиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дея Саидкамол Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун банкдан кредит олган, пандемия туфайли етиштирган маҳсулотларини экспорт қилишда қийинчиликларга учраётган, бунинг оқибатида кредит тўловларини тўлай олмаётганларга қандай ёрдам берилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Кредитларга тўхталсак, ҳукумат томонидан 2020 йилнинг 1 октябрига қадар барча кредит ташкилотларига молиявий қийинчиликларга учраган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича асосий қарз тўловларини ҳамда пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда фоиз тўловларини кечиктириш, шунингдек муддати ўтган қарздорликлар кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик тавсиялари берилган.

Ҳозирги пайтда аксарият тижорат банклари кредитлари бўйича тўлов муддатларини кейинги 2-3 ой муддатга кечиктириш (кредит таътили бериш) ҳақида маълум қилган. Муддат якунига кўра кредит мажбуриятлари пул оқими ҳажмига қараб қайта кўриб чиқилади”, дейди у.

Мавзуга оид