Жамият | 21:39 / 17.04.2020
12836
2 дақиқада ўқилади

Сохта «хусусий ОТМ»ларга алданиб қолмаслик учун нималарга аҳамият бериш керак?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова хусусий хорижий ОТМларга онлайн ҳужжат топширишни хоҳлаганлар нималарга эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида маълумот берди.

Фото: Shutterstock

«Хорижий олий таълим муассасаси учун ҳужжат топширишни хоҳлаган талабгор ўқишга қабулни таклиф этаётган хорижий таълим ташкилотининг ўз давлатида таълим фаолияти лицензияланган ва ваколатли орган томонидан аккредитацияланган эканини текшириш зарур», деди Мадраҳимова 17 апрель куни АОКАда ўтган брифингда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳам олий таълимни таклиф қилаётган нодавлат таълим муассасаси лицензияга эга бўлиши керак.

«Тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган ОТМлар томонидан берилган дипломлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам тан олинмайди.

Шунингдек, хусусий ОТМларни реклама қилмоқчи бўлган ОАВ ва блогерлар ҳам эътиборли бўлиши зарур. Олий таълим ҳар бир давлатда назорат қилинадиган соҳа ва даврий тарзда аккредитациядан ўтиши қатъий белгиланган. Аккредитация маълумотлари, одатда, очиқ маълумотлар базаларига жойлаштирилади.

Агар реклама беришни хоҳлаган ОТМ ушбу ҳужжатларни тақдим эта олмаса ёки тақдим этган бўлса ҳам, ҳаққонийлигини текшириш учун очиқ маълумотлар базаси ҳақида маълумот бермаса, демак, уларнинг фаолияти ноқонуний», – дея Феруза Мадраҳимованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид