Иқтисодиёт | 08:09 / 17.04.2020
12001
3 дақиқада ўқилади

Зафар Ҳошимов: Ўзбекистон пандемиядан кейинги даврга «хавфсиз туризм» бренди билан кириб келиши мумкин

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов «MFaktor» лойиҳаси меҳмони бўлиб, инқирозлар ва тадбиркорлик ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: KUN.UZ

У инқироз вақтида тадбиркорлар учун муҳим жиҳатларни санаб ўтди.

«Инқироз вақтида тадбиркор иложи боричи маблағларини жамлаши керак. Масалан, [тадбиркорнинг маблағи] керак бўлмайдиган жиҳозлар, мулк бўлса, улардан иложи борича қутулиб, маблағини жамлаши керак.

Инқирозда энг керак бўладиган хом-ашё бу – тадбиркорнинг ҳисоб-рақамидаги, қўлидаги пули. Харажатларда ҳам пулларни бемақсад ишлатилмаслигига хушёр бўлиш керак. Чунки олдинда кўп ноаниқликлар бор. Корхоналаримизни сақлаб қолиш – биз учун энг катта мақсад. Шунинг учун тежамкорлик, ақл-идрок билан устувор жойларга пулларни сарфлаш керак. Тадбиркор ҳам ликвидликни сақлаши керак», – деди Ҳошимов.

Тадбирор инқироз вақтида корхоналарнинг ўз ходимлари ва харидорларини қўллаб-қувватлаши муҳим эканини таъкидлади.

«Инқироз – одамийлик даражасидаги синов. Бизнес одамларга фойдаси тегмаса, у бизнес деб тушунилмайди. Яъни ҳар қандай бизнесдан манфаатдор ходимлар ва харидорлар бор. Мана шундай инқирозларда ходим ва харидорларнинг ғами билан яшаш керак. Корхонани сақлаш – тадбиркор учун энг катта устувор масала; корхона сақланса, ходимларни қўллаб-қувватлай олади. Имконияти бор даражада ходим ва харидорларни қўллаб-қувватлаши керак.

Шароитдан фойдаланиб, фойдани ошириб оламан деб калта ўйлаш керак эмас. Бу нарсани харидорлар ҳам, ходимлар ҳам кўриб турибди», – деди Зафар Ҳошимов.

У Ўзбекистонда туризм соҳасини қайта тиклаш учун давлат, жамият ва бизнес вакилларининг роли ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Трендлар ўзгаряпти. Шу жумладан, туризм ва бошқа соҳалардаги трендлар ҳам. Ҳозир одамлар уйларида зерикиб ўтирибди, карантин тугаса, бирор жойга бориб айланаман деб. Лекин эртага ўша туристлар қаерда хавфсизлик даражаси юқори бўлса, ўша ерга боради.

Меҳмонхона бўладими ёки бошқа жойми, дизайнларини қайтадан ўйлаб чиқиш керак. Меҳмонхонанинг ташриф қоғози – эпидемиологик ва гигиеник хавфсизлик бўлсин. Кираверишларда антисептик воситалар бўлиши, ходимлари қўлқопларда ишлаши, конференция заллари, ресторанлари бўлса, столларни бир-биридан узоқ қўйиш керак. Чунки ижтимоий масофа янги тренд бўлади. Карантиндан кейин ҳам одамлар муайян муддат давомида бу нарсадан хавфсирашади.

Ўзбекистон – МДҲ, Осиё учун янги бренд, яъни хавфсиз саёҳат нуқтаси, деган бренд билан кириши мумкин. Бундай имконият бор. Кеча карантинга риоя қилиш индекси чиқди. Энг юқори кўрсаткич Ўзбекистонда. Бу нарса билан фахрлансак бўлади. У эртага маркетинг қуролимиз бўла олади», – деди Ҳошимов.

Тўлиқ суҳбатни «MFaktor» лойиҳасининг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид