Иқтисодиёт | 22:14 / 18.04.2020
36354
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ун ва ғалла экспортига қўйилган квотани оширади

Қозоғистон ҳукумат жорий йил май ойидан бошлаб, ғалла ва ун экспортига қўйилган квота ҳажмини оширишни режалаштирмоқда.

Фото: KUN.UZ

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Сапархон Умаровнинг маҳаллий нашрларга берган интервьюсида маълум қилишича, Қозоғистон томони пандемия даврида ун ва ғалла экспортига қўйилган квотани оширишни режалаштирмоқда.

“Айни пайтда ғалла экспорти учун ўрнатилган квота 200 мингдан 250 минг тоннага кўпайиши, шунингдек, ун экспорти 150 минг тоннага кўпайиши кутилмоқда“, — дейди у.

Бунга қадар, 15 апрелдан эътиборан Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлис баёнига кўра, пандемия пайтида юзага келган вазият инобатга олиниб, барча истеъмолчиларга ун ва ун маҳсулотлари алоҳида топшириқ бўлганга қадар, биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар асосида тизимли етказиб берилиши бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилганди.

Маълумот учун, жорий йил қишлоқ хўжалиги прогнозига мувофиқ, Қозоғистонда ғалла экинлари учун ажратилган 22,5 миллион гектар майдон ўзгаришсиз қолади. Бироқ ёғ-мой, сабзавот ва ем учун майдонлар 238 минг гектарга кенгайиши мумкин.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид