Ўзбекистон | 08:20 / 18.04.2020
17861
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда карантин тугагандан кейин ишсиз ёшлар сони уч баробарга кўпайиши прогноз қилинмоқда

Пойтахт ҳокимлигида карантин даврида ижтимоий соҳадаги муҳим вазифалар кўриб чиқилди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари мажмуасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда коронавирус пандемияси даврида ижтимоий соҳада амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.

Барча мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим муассасалари, спорт ва мусиқа мактабларида такрорий яъни иккинчи маротаба дезинфекция тадбирларини ўтказиш ва тўлиқ тугатиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Карантин даврида таълим жараёнида узилиш бўлмаслиги учун барча таълим муассасаларининг педагоглари ўқувчиларни онлайн ўқитмоқда. Шунингдек, дарслар телевидениенинг 3та канали орқали мунтазам бериб борилмоқда ва бунга Тошкент шаҳридан 188 нафар ўқитувчилар, 50 нафар спортчилар, 100 нафар мактабгача таълим муассасалари педагоглари жалб этилган бўлиб, йиғилишда улар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан рағбатлантирилиши маълум қилинди. 

Шу билан бирга, карантин тугаши билан пойтахтда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни 93 фоиздан 100 фоизга кўтариш ҳамда 6 ёшли болаларни (100 фоиз) мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 

Маълум қилинишича, президентнинг 5 та муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш ва шу орқали истеъдодли, изланувчан ёшларни рағбатлантириш мақсадида яқин орада онлайн танловлар платформаси ҳам ишга туширилади.
 
Карантин сабаб, бу муддат ўтганидан сўнг ишсиз ёшлар сони 3 баробарга кўпайиши прогноз қилинмоқда.

Шу сабаб ҳозирда шаҳар ва туман ҳокимликлари мутасаддилари бошқа қатор соҳалар раҳбарлари билан биргаликда уларни IT йўналишидаги тадбиркорликка жалб этиш, кўникмаларини ривожлантириш, секторлар билан юзага келувчи муаммолар ечими устида ишлаётганликлари ҳам айтиб ўтилди, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид